Нагоя иқтисодиёт университети (Япония), Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Алишер Умирдинов икки қисмдан иборат мақоласининг биринчи қисмида хитойлик ҳамкорларнинг режаларини таҳлил қилган бўлса, мазкур иккинчи мақоласида «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси билан боғлиқ умид-истаклар ҳақида фикр юритган.    

«Бир макон, бир йўл» нимаси билан бизни ўзига тортди?

Аслини олганда, бундан аввал ҳам «Ипак йўли» лойиҳалари доирасида Марказий Осиё минтақаси турли катта давлатларнинг эътибори остида бўлиб келди. АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, Туркия ҳудудий ҳамкорлик лойиҳаларини ўртага ташлаб келяпти. Бироқ бу лойиҳалар катта инфраструктура лойиҳаларини кўзда тутмаган. Кўплари қоғозда қолиб кетган десак, муболага қилмаган бўламиз.  

Хўш, Хитой ҳукумати томонидан ўртага ташланган бу сафарги «Ипак йўли» лойиҳасини биз нега биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватладик? Мазкур лойиҳа қуруқликнинг қоқ ўртасида жойлашган Ўзбекистон учун нимаси билан жозибали?

Аввало шуни айтиш кераккки, 2013 йилда мазкур ташаббус эълон қилинганидан кейин Хитой ўзининг ташқи инвестиция ва савдо алоқаларининг ҳаммасини «Бир макон, бир йўл» байроғи остида жамлади. БМБЙ Хитойнинг расмий ташқи иқтисодий сиёсати мақомига кўтарилди ва ҳатто яқинда ўзгартирилган ХХР конституциясида ҳам ўз аксини топди. Энди Ўзбекистон-Хитой иқтисодий алоқаларини БМБЙ ташаббуси доирасида таҳлил қилса ҳам бўлаверади.

Ўзбекистон 1991 йилдан бошлаб ХХР билан иқтисодий алоқаларни юритиб келяпти. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик тижорий ҳамкорларидан бири ва мана бир неча йилдирки, Хитой Ўзбекистон учун энг йирик хорижий инвестор. 2017 йилнинг ўзида савдо айланмаси ҳажми 5 миллиард АҚШ долларига тенг келган бўлса, томонлар бу ҳажмни 2020 йилга етиб икки баравар оширишни кўзлаяпти.

Хитой ширкатлари юртимизда катта инвестиция битимлари тузишга эришишган. Масалан газ ва уран қазиб олиш бўйича жами 15 миллиард АҚШ долларлик шартномалар имзоланган. Қўшма корхоналар сони 700дан кўп бўлиб, бунда Хитой инвестицияси жами 8 миллиард АҚШ долларидан ошди

Ўзбекистон ҳукумати БМБЙ лойиҳаси эълон қилинган илк кунлариданоқ уни қўллаб-қувватлашини билдирган. Натижада «Ипак йўли» Иқтисодий макони қурилишидаги ҳамкорлик Ўзбек-Хитой халқаро алоқаларининг асосий йўналишига