Меҳр дастурини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Махсус комиссияси Яқин Шарқдан олиб келинган ўзбекистонликлар бўйича баёнот берди. Қуйида унинг матни тўлиқ ҳолда келтирилади.
«Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан муқаддас Рамазон ойида савобли тадбир амалга оширилди, деб хабар бермоқда бош вазир ўринбосари.
Ҳеч кимга сир эмас, Сурия давлатидаги бўлаётган уруш жараёни, террорчилик ва экстремистик ҳаракатларга бир қатор бизнинг ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолган. Лекин уларнинг ичида ўзи тушуниб-тушунмасдан, адашиб бориб қолган, экстремистик гуруҳлар фаолиятининг жабрини кўрганлар ҳам мавжуд.
Жорий йилнинг 30 май куни юртбошимиз раҳнамолигида 156 нафар фуқаролар, хусусан улардан 48 нафар аёл, 107 нафар бола курдларнинг лагеридан ўз Ватанига қайтаришга эришилди. Улар алдов йўллари билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар (Сурия) ҳудудига адашиб бориб қолган фуқароларимиздир.
Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб, Ватанга қайтган ҳамюртларимизга Ўзбекистон Ҳукумати реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.
Хусусан, давлат раҳбари топшириғига мувофиқ Ҳукумат қарори билан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида Махсус комиссия ташкил этилди ва Махсус комиссия таркибига кирган барча масъул вазирлик ва идоралар мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.
Қайтарилган ватандошларимизга тегишли хизмат турларини кўрсатиш учун махсус комиссия таркибига Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Адлия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Республика маданият марказидан тегишли раҳбар ва ходимлар жалб қилинди.
Республикага қайтарилган Ватандошларимизни ижтимоий реабилитация ҳамда соғломлаштириш мақсадида Тошкент вилояти ҳудудидаги барча керакли шароитлар яратилган санаторийга жойлаштирилди.
Ватандошларимизга ва уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида санаторийда барча масъул вазирлик ва идоралар томонидан уларга кун-у тун давомида (24 соат) кўмаклашиш учун вакиллар бириктирилди.
Санаторийнинг ўзида уларга тиббий ёрдам ва психосоциал кўмак бериш, шахсий ҳужжатларни тиклаш, бандлигини таъминлаш, таълим ва бошқа ижтимоий дастурларда иштирок этиш ҳамда ижтимоий нафақалар тўлаш чоралари кўрилмоқда.















