Ундан ким ва қандай даврийликда ўтади, қайси ташкилотлар курсни ўтказади, тингловчилар қандай аттестациядан ўтказилади – Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2019 йилдаги 451-сон қарори билан тасдиқланган низом ушбу ва бошқа саволларга жавоб беради.
Norma’нинг ёзишича, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган муассасалар кадрлари малакасини ошириш курслари:
• раҳбар ва мутахассислар учун - Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида;
• ишчи касб эгалари учун - Қурилиш вазирлиги таркибидаги касб-ҳунар коллежлари базасида ташкил этилади.
Ўқитиш қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга ва кадрларнинг касб ва малака даражасини доимий ошириб боришга ёрдам беради.
Ким малака ошириши шарт ва ўқитиш қандай ташкил этилади?
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган давлат корхоналари ва устав капиталида (фондида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқни ташкил этувчи юридик шахсларнинг раҳбар ва мутахассислари, ишчи касб эгалари ҳар 5 йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтишлари шарт. Бошқа ташкилотлар учун бу тавсиявий тусга эга.
Ўз мутахассисларини ўқитишга юбориш учун ташкилотлар ҳар йили 20 ноябрга қадар малака ошириш муассасасига тегишли буюртманомани топширишлари керак. Унда мутахассиснинг Ф.И.О., қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти кўрсатилади. Барча топширилган буюртманомалар асосида 10 дан 25 нафаргача тингловчи бўлган академик гуруҳлар ташкил этилади. Дарс беришга юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар ва малакали мутахассислар доимий равишда жалб этилади. Бундан ташқари, кадрлар, шу жумладан лекторлар хорижий мамлакатларда стажировка ўташлари мумкин. Курс йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурлари икки ой муддатда тасдиқланади.
Ўқитиш шакли – кундузги ва масофавий. Масофавий курсларда тингловчилар дастурни махсус веб-сайтда тақдим этилган ўқув-услубий материаллар асосида мустақил равишда ўзлаштирадилар. Электрон мультимедиали қўлланмалар, виртуал кутубхоналар, видеоконференциялар, Интернет ёрдамида мулоқот ва ахборот олиш имкониятлари ўқитишга кўмаклашади. Электрон рўйхатдан ўтиш учун малака ошириш муассасаси веб-сайтида анкетани тўлдириш зарур.
















