Олий суд 10 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган интервью ва журналистлар билан очиқ мулоқотга муносабат билдирди.
Ички ишлар вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи Бадриддин Шорихсиев Ўзбекистон Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган журналистлар билан очиқ мулоқот жараёнида кўп баҳсли ҳолатлар, айнан пропискадан ўтиш жараёнида юзага келаётганлиги, Тошкент шаҳрига пропискага ўтиш, қўпол қилиб айтганда, «лазейка» бўлиб қолганлиги, шунга қарамасдан, кўпчилик фуқаролар судга мурожаат қилишаётганлиги, суд қарор чиқаргандан кейин ходимлари фуқароларни прописка қилаётганлиги, бу масалада юқори ташкилотларга маълумот киритилганлиги ҳақида фикр билдирган.
Маълумки, Тошкент шаҳрида фуқароларни доимий прописка қилиш Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунига асосан тартибга солинади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома тасдиқланган.
Мазкур Йўриқноманинг 4-бандига кўра, доимий прописка қилиш учун ариза Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти туман (шаҳар) Ички ишлар бошқармаси (бўлими)нинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига тақдим этилиши кўрсатилган.
Бу қоида талабидан кўпчилик, шу жумладан, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқарма бошлиғи ҳам хабардор бўлса керак? Зеро, биринчидан, мазкур қонун ва Низомда фуқарони Тошкент шаҳрига суд қарорига асосан прописка қилиш ҳақида бирорта қоида мавжуд эмас ва судлар буни яхши билишади.
Иккинчидан, амалдаги ФПК талабига кўра, суд томонидан шахсни турар жойга доимий пропискага қўйиш ёки пропискадан чиқариш судлар ваколатига кирмайди, бу Ички ишлар органларининг мутлоқ ваколатига берилган.















