Ўзбекистон | 15:16 / 15.06.2019
48975
7 дақиқада ўқилади

Австралияда гилосдан бир йилда тўрт мартагача ҳосил олишади ёхуд Ўзбекистонда арзонлашиши учун нималар қилиш керак?

Фото: Retail & Loyalty

Жорий йилнинг апрель ойи ёғингарчиликка бой бўлди. 

У ўзи билан кўплаб талофатларни ҳам олиб келганлиги кундай равшан. Бундан ташқари, дастурхонни безаб турувчи сархил мевалар жорий мавсум пайти нархи юқорилигича сақланиб қолди. Мутахассислар мева-чева нархига кўп миқдордаги ёғингарчилик таъсир қилганини билдирмоқда. Биргина гилос нархи ўтган йилги максимал нархи (10-12 минг сўм)дан икки баравар ошиб кетган. Сабаб фақат ёғингарчиликми? Ҳақиқий вазиятни билиш учун аҳоли ва мутасаддилар фикри ўрганилди.

«Ўтган йили гилоснинг максимал нархи 10-12 минг сўм эди» 

Тошкент шаҳридаги нисбатан қиммат ва арзон бозор расталаридаги нарх ўзаро солиштирилди. Фарход деҳқон бозорида гилоснинг буқакўз нави 25-27 минг сўм атрофида. Сотувчилардан буни сабаби сўралганда, бу йил ёғингарчилик кўп бўлганлиги айтилди, ҳосил кўп нобуд бўлган. 

Миробод деҳқон бозорида эса нарх-наво бироз юқорироқ: 35-45 минг сўм. У ердагилар ҳам серёмғир мавсумни асосий важ, дея кўрсатишди. Шунингдек, экспорт ҳажми ошганлиги ҳам нархга таъсир кўрсатганлиги таъкидланди.

«Гилос қанча кўп экспорт қилинса, деҳқонларга шунча фойда» 

Фермер Дилшод Икромов:

«Тошкент вилоятида 3 гектардан ортиқ ерда гилос етиштираман. Ҳосил йиғиштириб олиш пайтида қўшни республикадан харидорлар келиб улгуржи нархда даланинг ўзидан гилосни олиб кетишади. Бу йили ҳосилнинг 30-40 фоизи ёғингарчилик оқибатда яроқсиз ҳолатга келди. Яқин йилларда экспорт қилишга чекловлар бекор бўлгандан кейин ташқи бозорга чиқиш имконияти пайдо бўлди. Илгарилари экспортга лимит қўйиларди ва қоғозбозлик ҳам кўп эди. Валюта конвертациясидаги давлат белгилаган нарх билан «қора бозор» ники бир-бирига тўғри келмасди. Вазият ўзгаргандан кейин кўпроқ фойда ола бошладик. Фикримча, экспорт ҳажмининг ошганлиги фермерлар учун жуда яхши» .

«Селекция ишлари тўғри йўлга қўйилса, бир йилда тўрт мартагача ҳосил олиш мумкин» 

«Агросаноат»  мажмуи қошидаги агентликнинг боғдорчилик экинларини ишлаб чиқариш ва маркетинг бўйича координатори Азамат Ғуломов:

«Гилос нархининг ошишига турли омиллар сабаб бўлиши мумкин. Биринчи омил ёғингарчиликнинг кўп бўлганлиги мева ҳосилини камайтирган. Иккинчиси эса қўшни республикалар, МДҲ давлатларига экспорт ҳажми ошганлиги учун ички бозордаги таклиф пасайган ва нарх кўтарилишига сабаб бўлган. Ундан ташқари, ўзбек гилоси Англияга ҳам тўғридан-тўғри сотилмоқда. Бир тарафдан экспорт орқали валюта кириб келяпти, иккинчи тарафдан эса аҳоли чўнтагига зарар етяпти. Иккаласини мутаносибликда ушлаш учун нима қилиш керак? 

Австралия, Жанубий ва Шимолий Америка тажрибасини мисол қилиб келтираман. Австралияда селекция ишлари яхши йўлга қўйилганлиги учун бир йилда 4 мартагача ҳосил олинади. Натижада, йил бўйи нарх бир хил мувозанатда сақланади. Қўшимчасига экспорт учун ҳам сотилади. Бизда гилос фақат йилнинг май-июнь ойларида истеъмол қилинади. Қиш ойларида супермаркетлардаги гилос бизга Жанубий Америка (Чили)дан импорт қилинади» .

Ғуломовнинг фикрича, масаланинг бир нечта ечимлари бор. Энг аввало, гилоснинг селекция ишлари тўғри йўлга қўйилиши керак. Ўзбекистонда гилос дарахти узун ўсади. Унга ишлов бериш, ҳосилни бус-бутун тўлиғича териб олишда қийинчиликлар бўлади. Америкалик деҳқонлар гилос дарахтларининг ярим пакана турини иссиқхона шароитида парвариш қилишади. Натижада, ҳам унинг ҳолатини тўлиқ назоратга олиш имконияти бор, ҳам ҳосил йиғишда муаммо бўлмайди. Шунингдек, йил бўйи аҳоли талабини қондириш мумкин. Бу тажрибани Ўзбекистонда ҳам қўлласа бўлади. Музлаткичларда сақлаш тизими ҳам талаб даражасида бўлса, бу усул яхши самара беради. Негаки ҳосилнинг барчаси бозорга олиб чиқилмайди. Талабга қараб таклиф ўзгаради.

Иккинчи йўналиш эса қайта ишлаш (сублимация) жараёни ҳисобланади. Жанубий Кореяда гилос музлатилган ҳолда сотилади. Оғизга тушгандан кейин муз эрийди ва худди янги гилос истеъмол қилингандай бўлади. Яна бир усуллардан бири гилосни қуритишдир.

«Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: гилос ҳосилини қандай қилиб йириклаштириш мумкин? Бунда Испания тажрибасини ҳам ўзимизда синаб кўрсак каттароқ натижага эришамиз. У ерда эрта баҳорда гилос гулламасдан олдин гул куртаклари кесиб чиқилади (тоқаланади). Шундан сўнг ҳосил ҳажми сезиларли катталашади ва экспортбоп маҳсулотга айланади», дейди у. 

«Гилоснинг экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган» 

«Ўзагроэкспорт»  раҳбари Улуғбек Халдибеков:

«Солиштириш учун 2 йиллик статистикани келтириб ўтаман: 2017 йилда 30 минг тоннадан ортиқ гилос экспорт қилинган. 2018 йилда кўрсаткич 3 минг тоннага ошди. 2019 йил июнь ҳолатига кўра, 16 минг тонна (ўтган йилнинг июнь ойи кўрсаткичидан 450 тонна кўп)га яқин гилос ташқи бозорга чиқарилган. 

Аммо бир жиҳатни эътиборга олинг: жараён йил охиригача давом этади ва экспорт ҳажми олдинги йилларникидан кам ёки кўп бўлиши ҳам мумкин. Буни олдиндан прогноз қилиш имкони йўқ, чунки экспортга лимит қўйилмаган. Ҳозир гилос, асосан, Россия, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Кореяга экспорт қилинмоқда» .

Ёғингарчилик натижасида гилос ҳосилининг камайганлиги алоҳида масала. Лекин экспорт ҳажмининг ошганлиги эвазига ички бозордаги таклиф тушган бўлса, албатта, муаммони ҳал қилиш керак. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, экспорт ҳажми чекланса, бозордан ортган ҳосил нобуд бўлади. Бу тажрибани ўтган йили ҳам бошдан кечирдик.

Бундан ташқари, гилос нархига таъсир этувчи омилдан бири солиқ тизимидаги ўзгариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғига тортилмаганидир. Шу туфайли, айрим ритейл савдо марказларида ҚҚС билан ҳисобланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи бозорга нисбатан фарқланмоқда. Давлат солиқ қўмитаси бунга ечим бўлишини ваъда қилмоқда.  

Оптимал ечим – гилос ҳосилини ошириш учун селекция ишларини такомиллаштириш лозим. Юқорида айтилганидек, бир йилда бир неча маротаба ҳосил олинса, йил бўйи нарх мувозанати сақланади.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид