15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Давлат тест маркази директори Мажид Каримов ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов иштирокида 2019/2020 ўқув йилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиев телеграмдаги каналида бу йил ўқишга ҳужжат топшираётган абитуриентларни қизиқтирган саволларга жавобларни тақдим этди.

Қабул қуйидаги 3та жойда бўлади:
Давлат хизматлари маркази (ДХМ) орқали — 5та ОТМ (ТДЮУ, ҚДУ, ФарДУ, СамДУ, ГулДУ);
My.gov.uz орқали — юқоридаги 5та ОТМ;
ОТМларнинг ўзида — қолган ОТМлар учун.

Энди абитуриент ҳужжат топширмайди, балки оригинал ҳужжатларини кўрсатиб, рўйхатдан ўтади ва ўзи билан қайтариб олиб кетади;

Рўйхатдан ўтиш учун қуйидагилар керак:

  1. Паспорт (у йўқ бўлса, ёки 09-форма, ёки туғилганлик гувоҳномаси);
  2. Диплом ёки шаҳодатнома (иловаси билан);
  3. Мабодо имтиёзи бўлса, уни тасдиқловчи ҳужжат.

ОТМлар орқали рўйхатдан ўтганда ҳам худди шу ҳужжатлар талаб этилади, аввалги йиллардагидек расм, папка, 086-маълумотнома шарт эмас;

ДХМ ва портал орқали рўйхатдан ўтиладиган 5та ОТМнинг тартиби қуйдагича:

  • ушбу 5та ОТМ фақат биринчи ОТМ сифатида танланаётгандагина ДХМга (портал) бориш керак. Масалан, абитуриент 1-ФарДУ; 2-ТДТУ; 3-ФарПИ кетма-кетлигида топширмоқчи бўлса, ДХМларга боради;
  • агар ушбу 5та ОТМ 2 ёки 3-ОТМ сифатида танланаётган бўлса, унда ДХМларга эмас, балки ОТМларга бориш керак. Масалан: 1- ТДТУ; 2-ФарДУ; 3-ФарПИ.
  • бундан ташқари, абитуриентларга енгиллик бериш мақсадида, Юридик университетдан ташқари қолган 4та ОТМнинг ўзида ҳам ДХМдаги каби қабуллар бўлади. Яъни масалан, ГулДУни 1-ОТМ сифатида танламоқчи бўлганлар, хоҳласа ДХМга, хоҳласа ГулДУнинг ўзига бориши мумкин. Худди шу тартиб ФарДУ, СамДУ, ҚДУ учун ҳам амал қилади.