Бугун, 17 июнь куни Давлат тест маркази Бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов, бошқарма бошлиғи Диёр Қўчқоров, бош юрист-консултант Гулжаҳон Мадраҳимова иштирокида 2019/2020 ўқув йилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумот берилишича, бу йилги тест синовлари 69та йирик бинода бўлиб ўтади ва уларнинг энг каттасида 1710 нафар абитуриент имтиҳон топширади. Тестнинг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида бир кунда 2 518 нафар, жами 6 200 нафар гуруҳ назоратчилари жалб қилиш режалаштирилган.
2017 йилда жами 37 736та, 2018 йилда 179 мингдан ортиқ тест топшириқлари қўлланган бўлса, 2019 йилда 180 мингдан ортиқ тест саволларини шакллантириш режалаштирилган.
Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида фақат зарур ҳужжатларни кўрсатиши ва қайд этилиши аввалдан маълум қилинган эди.
«Агар абитуриент ўзига тегишли ҳужжатларда ёки имтиёзларга оид маълумотларда сохтакорликка йўл қўйса ва натижаларга кўра талабаликка тавсия қилинса, барибир талабалар сафидан четлаштирилади ҳамда қайта тикланиш имконияти берилмайди», дея Давлат тест маркази Бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
















