Жамият | 16:10 / 25.06.2019
9383
3 дақиқада ўқилади

Олий суд: 151 нафар судьяга турли чоралар кўрилди, 11 нафарининг ваколати тугатилди

Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий суд раҳбарияти ва журналистлар иштирокида «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Олий суд раисининг жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий, мурожаатлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари ва матбуот хизмати бошлиқлари иштирок этишди.

Тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда республикамиз бўйича 607та суд фаолият кўрсатмоқда. Президент қарори билан судлар ихтисослашди. Жиноят, фуқаролик судлари билан бир қаторда маъмурий ва иқтисодий судлар иш олиб бормоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, жами кўрилган ишларнинг 54,2 фоизи сайёр судларда кўрилган. 2018 йил биринчи ярмида жами судларда 817 минг 656та иш кўрилган бўлса, 2019 йил 5 ойида 461 минг 100та иш кўриб тамомланган.

Судларда оқлов ҳукмлари ҳам кўпаймоқда. Мисол учун, биргина 2018 йилда 867 нафар шахс оқланган. 2019 йил 5 ойида 298 нафар шахс айби судда исботланмагани учун оқланди, реаблитация қилинди.

Ўтган 5 ойда 51 минг 541та жиноят иши биринчи инстанцияда кўрилган. Шундан атиги 25 фоизи (3616та) озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинланган. 9722таси (67 фоизи) озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Яраштирув ҳаракатларига қарамай 2019 йилнинг ўтган 5 ойида 10 мингдан зиёд оиланинг никоҳи бекор қилинди.

Тадбирда судьялар томонидан йўл қўйилган камчиликлар бўйича ҳам алоҳида тўхталинди. Коррупция масаласида алоҳида республика ишчи гуруҳи тузилган ва у гуруҳ мунтазам фаолият олиб бормоқда.

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров берган маълумотларга кўра йўл қўйилган камчиликлар учун 151 нафар судьяга турли чоралар кўрилган, 11 нафарининг ваколати муддатидан олдин тугатилган.

Олий судда ишларнинг узоқ муддат кўрилаётгани, баъзан норозиликлар пайдо бўлаётганини изоҳларкан Х. Ёдгоров шундай деди: «Ҳозирги пайтда Олий суднинг бир нафар судьяси қўлида 150тагача турли даражадаги мураккаб ишлар бор. Бу жуда катта ҳажм. Хорижга борганимизда айнан мана шу юклама қандай бажарилиши билан қизиқдик. Масалан, АҚШ судлари бундай вазиятда ишларни танлаб-танлаб олишаркан. Биз буни ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз ва барчасини тўлиқ кўриб чиқамиз»

Мавзуга оид