Фойдали усуллар нафақат мутолаа суръатини яхшилайди, балки ўқилган нарсани яхшироқ эслаб қолишда ёрдам беради, дейди Лайфхакер.

Нимадан бошлаш керак?
Тез ўқиш кўникмаларини ўзлаштиришга киришишдан олдин ўзингиз учун асосий мақсадни аниқлаб олинг: сиз айнан нимани истайсиз? Мутолаа тезлигини оширишми ёки икки марта кўпроқ маълумотни эслаб қолишними? Эҳтимол, сиз учун бари муҳимдир?
Тез ўқишнинг кўплаб усуллари ва машқлари мавжуд. Сиз учун айнан қайсилари тўғри келиши амалий усул билан аниқланади. Агар бирор машқ фойда бермаса, улардан бутунлай воз кечишга шошилманг.Унинг ўрнига бошқасини алмаштиринг. Ўрганишнинг ҳар қандай жараёни нафақат мураккаб ва меҳнат талаб этувчи бўлишига қарамай, сизга ҳузур олиб келиши ва янада ривожланишга иштиёқ уйғотиши лозим. Машғулотларни гуруҳ бўлиб, дўстлар даврасида ўтказиш янада самарали.
Дарслар жадвалини тузинг ва унга амал қилинг (кунига 1,5-2 соатдан). Мутолаани одатга айлантиринг ва бўш вақтингизни унга сарфланг. Ютуқларингизни кузатинг, бир неча ҳафтадан кейин ўқиш тезлиги ортганини сезасиз.
Натижаларни ёзиб бориш ҳам муҳим.
Ҳозирнинг ўзидаёқ татбиқ этиш мумкин бўлган усуллар
Ўқишдан аввал китобни кўздан кечиринг (кириш, сарлавҳа, хулоса). Бу сизга материалнинг тузилишини аниқлаш, муҳим жойларни белгилаш имконини беради. Тез ўқиганда аниқ жумлаларга кўзингиз тушади.
Қаторлар устида бармоқ, қалам ёки чизғични юритиш орқали мутолаа суръатини белгилашингиз мумкин. Нигоҳ билан такроран қайтмаслик учун уни бир варақ қоғоз билан беркитинг.
Кўриш қобилиятини ривожлантириш учун «Шульте» жадвали ёрдамида машқ қилинг. Бу машқлар зарурий маълумотни излаш вақтини қисқартириш имконини беради.
Ўйин тарзида ҳам ўрганиш мумкин: матндан нотаниш атамаларни, ш, ф, л, м, н, о ҳарфидан бошланадиган барча сўзларни излашга ҳаракат қилинг. Бу каби машқлар диққатни бир жойга жамлайди ва матн билан ишлаш кўникмаларини шакллантиради.














