Ўзбекистон | 16:51 / 29.06.2019
14543
2 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров: биз таълим ва матбуот икки хил ёзувда бўлган тизимда яшаб келмоқдамиз

Кеча, 28 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида 30 – июнь «Ёшлар куни» муносабати билан Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси бир гуруҳ ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари  иштирокида очиқ мулоқот ташкил қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унда сиёсий партиянинг янги сайланган раҳбари Алишер Қодиров ёшлар ва журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб берди. 

Тадбир давомида Kun.uz мухбири томонидан Ўзбекистонда бир муддат аввал 2021 йилдан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича режа тасдиқлангани, аммо бу борада ҳамон сезиларли бирор иш амалга оширилмаётгани, жумладан, Миллий тикланиш партияси нашри ҳисобланган “Миллий тикланиш” газетаси ҳамон кирилл ёзувида нашр қилинаётгани масаласида савол берилди.

«Тан олишимиз керак, биз узоқ вақт таълим ва матбуот икки хил ёзувда бўлган тизимда яшаб келмоқдамиз. Менимча, бундай шармандали ҳолат бошқа бирор жойда бўлмаса керак.

Тўғри, бунча узоқ муддатдан кейин лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш бўйича ишлар бирданига бўлиб қолмайди. Бу борада катта ёшли инсонлар, ташкилот ходимларидан қаршиликлар бўлиши табиий. Аммо бу вазиятда мен доим ёшлар тарафида бўлганман», дейди партиянинг янги сайланган раҳбари.

Қодировнинг айтишича, партия бу борадаги амалий ҳаракатни ўзидан бошламоқчи. 
«Жумладан, тез орада партиямиз нашри «Миллий тикланиш» газетаси тўлиқ лотин ёзувида нашр этила бошлайди. Нафақат лотин ёзувида нашр этилади, балки янгиликларни ўқувчига етказиш, формат ва бошқа масалаларда ҳам жиддий ўзгаришларни режалаштиряпмиз», дейди у.

Мавзуга оид