Эски трамвай йўлларини таъмирлаш учун «Автойўл» пул олган, аммо ишларни бажармаган
Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийларининг маълум қилишича, шаҳарнинг эски трамвай йўлларини таъмирлаш ишларига 3 йил аввал маблағ ажратилган, бироқ ишлар тугалланмаган, йўллар фойдаланишга топширилмаган. Шу билан бирга, ушбу таъмирлаш ишлари учун масъулларга ҳеч қандай чора кўрилмаган. Kun.uz мухбири ҳокимликда ташкил этилган матбуот анжуманида аввалги трамвай йўллари таъмирига доир савол билан мурожаат қилди.
- Тошкентда трамвай йўллари олиб ташлангач, айниқса, аввалги 17, 9-трамвай йўллари ўтган йўл қисмлари таъмирланиб, фойдаланишга топширилганми ёки фойдаланишга топширилмаганми? Чунки, мисол учун, Лутфий кўчасини олдинги Чилонзор Оқтепа майдони билан боғловчи йўлларда йўллар таъмири чала қолгани яққол кўриниб туради.
«Давлат раҳбари Учтепа туманига ташрифидан сўнг, жуда катта дастур қабул қилинди. Туманнинг барча йирик таъмирталаб кўчалари таъмирланади. Шу мақсадда, республика бюджетидан 50 млрд сўм ссуда олинган. Мазкур ишлар 1 ой ичида тўлиқ якунланади. Лутфий кўчаси ҳам таъмирланяпти, бу ерда аллея барпо қилинмоқда. Янги устунлар қўйилиб, кечки ёритиш мосламалари ҳам ўрнатилмоқда», - деди шаҳар ҳокимининг ўринбосари Даврон Ҳидоятов.
Шаҳар ҳокими ушбу масалага ойдинлик киритиб, Учтепа тумани шаҳарнинг энг қолоқ туманларидан бирига айланиб қолгани, бироқ туман ва шаҳар раҳбарлари шу вақтгача бунга жиддий эътибор бермаганини таъкидлади.
«Менимча, Учтепада қилинаётган, бажарилаётган ишларга халқ гувоҳ бўляпти. Албатта, трамвай йўлларини таъмирлаш 3 йил илгари «Автойўл» ташкилотига тегишли бўлган. Пули ҳам олинган, лекин ҳозирги ҳолатда қолиб кетган. Президентимиз ташрифларидан сўнг, Учтепага жиддийроқ эътибор беришга диққат қаратилган. Очиқ айтиш керак, Учтепа шаҳарнинг энг қолоқ туманларидан бирига айланиб қолган, ҳеч ким жиддий эътибор бермаган туман эди. Бу туманнинг 4 сектор раҳбарлари алмашди. Тўғри, тумандаги ишларни бир зумда бажариб бўлмайди. Аммо бажарилаётган ишларни туман аҳолиси ўз кўзлари билан кўриб, ҳис қилишади», - деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Kun.uz мухбирининг «Автойўл»га тегишли бўлган йўллар фойдаланишга қабул қилинганмиди ва ўша ташкилот раҳбарларига нисбатан бирор чора кўрилганмиди, деган саволига Тошкент ҳокимлиги расмийлари, сўз бораётган йўллар фойдаланишга қабул қилинмагани, «Автойўл» раҳбарларига эса, ҳеч қандай чора кўрилмаганини маълум қилишди.
Айни масалага тўлдириш қилган шаҳар ҳокими ўринбосарига кўра, шаҳар ҳокимининг 2019 йил февраль ойида 269-сон қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, шаҳарда 1 млн 809 минг квадрат метр йўлни мукаммал таъмирлаш белгиланган. Шу кунгача 308 минг квадрат метр йўл мукаммал таъмирланган. Йил охиригача, олдинги трамвай йўллари ҳам, бошқа йўллар ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилади.
Шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, бу рақамлар давлат дастурида белгиланган ишлар кўламидир. Бундан ташқари, ҳомийлар ҳам ички ва айрим муҳим кўчаларда ўз ёрдамларини беришмоқда. Шаҳар ҳокими, уларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Мавзуга оид
11:34
Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик наркотик истеъмол қилиш кўпаяётгани айтилди
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10 / 18.11.2024
Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади
09:10 / 15.11.2024