Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Бошдархон маҳалласи аҳли ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда ҳаво ва сув ифлослиги сабабли яшаш қийинлашиб бораётганидан шикоят қилишди. Ижодий жамоамиз билан айтилган ҳудудга бориб, аҳоли билан суҳбатлашарканмиз икки соатга етар етмас иккимизнинг ҳам «мазамиз қоча бошлади». Бу ернинг ҳавосига чидаб бўлмасди (Сувидан-ку ичмадик). Хўш, ўзи гап нимада? Қандай қилиб мазкур ҳудуд ҳавоси бу қадар заҳарли, нега ичимлик сувидан одамлар норози? Ва ниҳоят асосий савол — шунча аҳоли бу ердаги ичимлик суви соғлиғига зарар етказаётгани ҳақида бир йилдан бери шикоят қилиб келаётган экан, наҳотки тегишли идоралар сув таркибини текшириб кўришмаган?
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Текширилган! Бир неча марта текширилган ва қатор зарарли моддалар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани тасдиқланган. Аммо текшириш натижалари ҳам, ана шу натижалар илова қилиб қатор идораларга юборилган хатлар ҳам муаммога ечим топмаган.


Ушбу аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуддаги ичимлик суви таркиби ҳақида жорий йил 17 июнда Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонасига юборилган маълумотдан ҳам билиш мумкин:
Бошқарма маълумотида ҳудуддан олинган сув таркибидаги таҳлилга кўра, умумий темир миқдори – 109дан 136 мартагача кўп чиққан. Шунингдек, муаллақ заррачалар 54дан 9 мартагача, азот аммоний 17дан 5,86 мартагача, нитрат 12,4дан 8 мартагача, фосфат 86дан 4,6 мартагача, сульфатлар 9,54дан мартагача ортиқлиги аниқланган. Шунингдек, «Сувоқова» ДУК томонидан бизга тақдим этилган маълумотда эса сув таркибидаги азот аммонийси 88 мг.гача (меъёр бўйича 5 мг. гача бўлиши керак), темир моддаси эса 12 мг (меъёр 0,11 мг) экани аниқланган. Бошқа зарарли моддалар миқдори ҳам булардан кам эмас. Айтиш керакки, бу каби таҳлиллар жуда кўп марта ўтказилган, аммо ҳеч қандай амалий ҳаракат амалга оширилмаган.




















