Қуйида 2019 йил 1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгариши ҳақида маълумот берамиз.

Ўзбекистонда 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши мажбурий қилинган(ди). Лекин бу тартиб ўз муддатида кучга кирмаяпти. ИИВ ЙҲХББ «Камералар бутунлай бекор қилингани йўқлиги, фақат муддатларини узайтириш режалаштирилаётгани» тўғрисида баёнот берди.

 «Ходимларни боди камералар билан таъминлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бир неча вазирлик ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда боди-камераларни ишлатиш юзасидан техник шартлар, уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари шартлари ишлаб чиқилди, эълон қилинди. Турли савдо ташкилотларига юборилди. Уларнинг таклифлари жамланди.

Махсус комиссия томонидан ҳар бир таклиф атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида камераларнинг нархидан бошлаб, етказиб бериш шартлари ва муддатларигача кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа камераларни турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда, вазиятларда ишлатиб кўриш ва синовдан ўтказиш эди. Бу босқич ҳам муваффақиятли якунланди.

Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилди. Бу осон вазифа эмас. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотни тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ. 

Шуни ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишларига етук мутахассислар, компаниялар жалб этилди. Ҳозирги кунгача бу ишларнинг деярли 80 фоизи бажарилди. Боди-камераларни харид қилиш юзасидан тузилган шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун қилиб белгиланган. Бу таъминотчининг талаби. Ўз-ўзидан равшанки, бу муддат қарор ижросини ўз вақтида бажаришга мос келмайди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига боди-камераларни ишга тушириш муддатларини узайтириш бўйича таклиф берилди. Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақатгина унинг ишга тушириш муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда. Шуни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак», дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабарида.