Ўзбекистон | 15:03 / 02.07.2019
30185
3 дақиқада ўқилади

Халқ шоири Ўзбекистондаги аэропортлар Россия компанияси бошқарувига берилишини хавотирли деб атади

Россияга қарашли «Новапорт» компанияси Ўзбекистоннинг Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича шартнома имзолаганидан кейин ижтимоий тармоқда ушбу аэропортлари бошқаруви «Новапорт» компаниясига ўтиши тўғрисидаги хабарлар тарқалиб, турли баҳс ва мунозараларни келтириб чиқарди. 

Бу борада таҳририятимизга ҳам кўплаб мурожаатлар етиб келмоқда. Kun.uz’га йўлланган мурожаатлардан навбатдагиси Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан бўлди. Унда Ёзувчилар уюшмасининг собиқ раҳбари Ўзбекистондаги айрим аэропортлар бошқаруви Россия компаниясига ўтиши борасида ўз хавотирларини билдирган.

Қуйида мазкур очиқ хатдан айрим қисқартмаларни келтирамиз.

«Мен кекса бир қаламкаш Ўзбекистон халқ шоири сизларга бугунги кунда долзарб масалада мурожаат қиляпман.

Урганч, Самарқанд ва Наманган аэропортлари бошқаруви Россиянинг «Новапорт» компанияси бошқарувига берилган эмиш. Эшитиб сесканиб кетдим. Бу нима деган гап? Бу – «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га хорижийлар ҳукмронлик қилади дегани. Бунинг оқибатини тушуниш учун катта ақл эгаси бўлиши шарт эмас. 

Ўйлаб қаранг, Россия ҳеч қачон Санкт-Петербург аэропорти бошқарувини хорижийларга бериб қўядими? Асло! Ёки Қозоғистон Олмаота аэропорти бошқарувини чет элликларга бериб қўядими? Асло! 

Бу масалада чекиниш, ён бериш, енгил-елпи муносабатда бўлиш мумкин эмас.

Азиз биродарлар! Овозингизни чиқаринг. Халқ билан кенгашмай, кимлардир ими-жимида амалга ошираётган бу ишнинг йўлини тўсайлик. Президентимиз кеча-кундуз ғайрат кўрсатиб, яхши ислоҳотлар жорий этаётган, халқимиз эртанги кунига катта умид кўзини тикиб, кўтаринки кайфиятда яшаётган бир шароитда бу нохуш хабар худди ёз чилласида ёққан қор каби ёмон таъсир этади менга», дейди халқ шоири.

Жамол Камол жамиятда эркин фикр муҳимлигини таъкидлаб, атом электростанцияси қурилиши масаласи ҳам турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани, лекин осмон узилиб ерга тушмагани, бу борада ҳам халқимиз ўз фикрини қўрқмасдан эркин билдириши кераклигини таъкидлайди.

Жумладан, «Сиз ҳам овоз чиқазинг. Халқ ва давлат олдидаги бурчингизни адо этинг. Юртимиз ҳаво йўлларининг раҳбарларига тушунтиринг. Осмон узилиб ерга тушмайди», дейди у.

Бундан аввалроқ Транспорт вазирлиги Ўзбекистондаги бир нечта аэропортларнинг нима учун айни компанияга берилишига изоҳ берганди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид