Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Термиз шаҳар ҳокимининг «Термиз шаҳрида автобус хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтиб, қарор қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фаолият юритаётган «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши эътироф этилиши белгиланди. 2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фақат автобусларга белгиланган йўналишлар бўйича йўловчи ташишга рухсат берилди.
Ўз навбатида, қарор остида юзлаб норозилик оҳангидаги фикрлар қолдирилган бўлса-да, у билдирилган фикрлар инобатга олинмасдан қабул қилинган. Бунинг натижасида, Термиз шаҳар ҳокимлиги биноси олдида ҳайдовчилар тўпланиб, ўз норозилигини билдиришди.
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров Термизда «Дамас» автомашиналари йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташлангани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдириб чиқди.
Айтилишича, президентнинг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2724 сонли қарорида «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги бирор жумланинг ўзи йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724 сонли қарори билан тўлиқ танишмаган аҳолида, «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш гўёки, «Президент қарори билан амалга оширилаётган экан», деган нотўғри хулоса пайдо қилади.
«Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ПҚ-2724 сонли қарори битта шаҳардаги 700га яқин кишини ишсиз қолдириш учун эмас, балки, айнан мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш мақсадида қабул қилинганини ҳам унутмаслигимиз керак», - дейди депутатлар.















