Шу кунларда шаҳар анча гавжум, бекатлар атрофида тўп-тўп бўлиб турган йигит-қизларни кўриб, кўнглингизда ҳавас уйғонади. Бугун ОТМларга қабул қилиш жараёнида кўплаб енгилликлар бўлаётганлигини, жумладан, абитуриентлар фақат ҳужжатларнинг аслини кўрсатиб рўйхатдан ўтиши ва албатта, ўзи билан ҳужжатларни қайтариб олиб кетиши ҳақида ўқияпмиз, эшитаяпмиз. Энди бир дунё ҳужжат кўтариб пойтахтга бормаслигингиз, ортиқча сарф-харажат, ётоқхона ташвиши, у эшикдан, бу эшикка югур-югурларга чек қўйилиши ҳақида ваъда қилишган эди.

Хўш, Жиззах шаҳрида бу борада ишлар қандай? Вазиятни кузатиш мақсадида дастлаб Жиззах шаҳридаги давлат хизматлари агентлигига бордик.

Давлат хизматлари агентлигининг шаҳар бўлимида узундан-узун навбатга турганларни учратмадик.

«Ҳар бир ходим ҳужжатларини топширишга келган абитурентларга имконият даражасида сифатли хизмат кўрсатишга харакат қилишяпти. 8 июль санасигача 50 нафар абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Айтарли муаммоларга дуч келганимиз йўқ. Хабарингиз бор, бешта олий ўқув юртида ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш имкони Давлат хизматлари марказига ҳам берилган. Тўлов квитанцияси борасида ҳам муаммолар бўлмади ҳисоб», — дейди марказ бош мутахассиси Жасур Узоқов.

Жиззах Политехника институтига 2019–2020 йили ўқув йили учун бакалаврлар тайёрлаш бўйича умумий квотаси 1395 нафар этиб белгиланган. Улардан 342 нафари давлат грантлари бўйича, 1053 нафари эса тўлов контракт асосида қабул қилинади. Олийгоҳ дарвозаси ёнида турган ёшларимизни суҳбатга тортамиз.

«Енгиллик дейсиз, ўтган йилгидек топширганимиз яхши эди. Қаердан чиқди шу тўлов? Саҳардан бери оворамиз. Шаҳарнинг у бошидан бу бошига бориб келишга тўғри келяпти. Тўлов квитанциясини кўрсатмасак, рўйхатдан ўта олмаймиз. База ишламаётганмиш. Қабул комиссиясига йўллай олмайсиз. 600-навбатдаман, бугун рўйхатдан ўтишим даргумон. Арнасой туманидан келганмиз. Эртага келамиз-да энди, аввал шу тўловини ҳал қилайлик. Банкка борсак, институтга бор дейди, институтда база ишламаяпти, дейди. Ундан кўра, шу ерда банк шохобчаларини ташкил қилишса бўлмайдими? Куннинг иссиғида йўлкира қилиб, таксига чиқиб, тўлов учун жой излаб юрибмиз. Йўлкира ҳақини шу банкларга хизмат учун берсак бўлмайдими? Мана ҳозир ҳам ичкарига кирсангиз — навбатни кўриб, ҳушингиз бошингиздан учади. Энди ДХАга боринглар дейишди, ўша ерда тўловни амалга ошириш мумкин экан? Ишимиз битса келамиз, бўлмаса эртага қолади. База ишласа ишимиз ҳам тез битармиди? Вақт кам қолди ахир», — дейди С.Дамирова.