Терма жамоамиз натижалари қайсидир жиҳатдан яхшилана бошлаганда ёки клубларимиз рейтинги ошса, баъзида стадионлар томошабинларга тўлиб, қизиқиш кўпаётганини ҳис қилсак ё футболимизга янги раҳбарият келганида қандайдир оптимистик кайфият чулғаб олади - футбол ривожланяпти. Ростан ҳам шундай бўладими? Баъзида мутахассисларимиз аслида футбол ривожланаётганини, шунчаки, биз омилар буни яхши тушунмаётганимизни айтмоқчи бўлишади.
Баъзи шартлар остида футболнинг ривожланиши қандай рўй беради, умуман ривожланиш деганда, нимани тушуниш керак, аслида бу ҳам жуда аҳамиятли масалалардир.
Масалан, Шимолий Корея бир палла жуда яхши саралаш кампаниясини ўтказди, жаҳон чемпионатига чиқди. Футбол ривожландими? Йўқ албатта, футбол ривожини фақат маълум палладаги натижа билан боғлаш хатодир. Футбол нуқтаи назаридан жуда тўғри қарорлар, лойиҳалар ҳам якунда ривожланишга олиб келмаслиги мумкин.
Сабаби шундаки, нафақат спорт, умуман ҳар қандай мамлакатдаги ҳар қандай соҳа бошқа соҳалар билан «шестерна тишлари» каби чамбарчас боғлиқ ҳолда силжийди. Менимча, ҳеч қаерда бошқа соҳаларда жуда узоқлашиб ривожланган алоҳида бир соҳани ҳам, бошқа соҳалардан сезиларли ортда қолиб кетган алоҳида бир секторни ҳам кўрмайсиз.
Японияни оласизми, Бельгияними ёки бошқа, уларнинг бирортаси фақат футболнигина кўтариш лойиҳаси ёрдамида ривожланиб кетишмаган. Уларда умуман ҳамма соҳа ривожлангани учун футбол ҳам бунга эргашиб, олдинга қараб кетган. Маълум паллалардаги ўсиш ва пасайишлар эса, шунчаки, айни ўша пайтдаги тўғри ва нотўғри қарорлар эвазига бўлади, холос. Ҳа, баъзида жуда тараққий этган, аммо футболда у қадар яхши бўлмаган мамлакатларни ҳам биламиз. Бунинг сабаби, ўша ердаги футболнинг ўрни пастлиги холос. Ҳар қандай ривожланган мамлакатда ўша ернинг аҳолисининг аксарият қисми қизиқадиган соҳа албатта ривожланган бўлади.
Мираброр Усмонов футбол тепасига келиб, умумий моддий базани, шароитларни анча юқорига кўтарди. Ўз-ўзидан турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг натижаларига таъсир қилди, ЎФФ салобатли ва нуфузли ташкилотга айланди, Осиё ва ФИФА миқёсда эътирофларга сазовор бўлдик. Умид Аҳмаджонов келиб, масалан, Суперлигамиздаги трансляциялар масаласида олдинга ҳаракатларни кўрдик, терма жамоамиз йиғинларида ва уларни ташкил қилишда эътибор кучайгандек бўлди. Албатта, Равшан Эрматов ҳам бу йўлда ўз ҳиссасини қўшиши турган гап, балки қайсидир жабҳаларда аввал қилинган хатолар тузатилар, етишмай турган мурватларни топиб, ўз ўрнига қўяр?
Билмадим, лекин юқоридаги абзацда саналган ишларнинг барчаси футбол раҳбарияти томонидан амалга оширилган тўғри ишлар, холос. Тўғри ишлар бор, нотўғри ишлар бўлади, бу қайсидир паллада футболимизни силжитади тўғри, аммо агар том маънода ривожланиш ҳақида гап кетганида, буни Аҳмаджоновдан, Усмоновдан ёки Эрматовдан кутмаганимиз дуруст.
















