Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Facebook’даги саҳифасида шаҳардаги “Ҳазрати имом” қабристонидаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан пост қолдирди.

“Халқимизда “қайси юртнинг ободлигини билмоқчи бўлсанг, бозори-ю мозорига бор”, деган нақл бор. Бу нақлда бозор – турмуш, мозор – маънавият белгисини билдиради. Зеро, мозор марҳумларнинг мангу қўним топган маскани бўлса, бозор тирикликнинг яшаш манбаи саналади. Шу маънода айтганда, қабристонларни, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни зиёрат қилиш, боқий дунёга сафар қилган яқинларимиз қабрларидан хабар олиш, ҳақларига Қуръон-тиловат қилиш, марҳумлар ётган жойларни обод ва озода сақланишига эътибор қаратиш ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир”, - деб ёзади ҳоким. 

Унинг айтишича, бундан қарийб бир ой муқаддам Бухоро шаҳридаги “Ҳазрати имом” қабристонида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. 

“Сўнгги кунларда эса ижтимоий тармоқларда қабристондаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар “болалади”. 

Воқеалар ривожи аслида қандай тус олгани юзасидан Бухоро шаҳар ҳокими К.Камоловга мурожаат қилдик. - Маҳаллалар қиёфасини янгилаш мақсадида қабул қилинган “Обод маҳалла” дастури доирасида “Ғ.Ғулом” маҳалласи ҳудуди ҳам ободонлаштирилмоқда. “Ҳазрати Имом” қабристони айни шу ҳудудда жойлашган. Вилоят раҳбари бошчилигида олиб борилган ўрганишлар жараёнида мазкур қабристондаги абгор ҳолат ҳам эътибордан четда қолмади. Шу жойнинг ўзида мутасаддиларга қабристон деворларини қайтадан тиклаш, йўлакларни таъмирлаш, сағаналар атрофини тартибга келтириш бўйича топшириқлар берилди. Шундан сўнг ишга киришилди. Бу ишга албатта, қурилиш ташкилотлари, ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари жалб қилингани рост. Қолаверса, маҳаллий бюджетдан 500 миллион сўм маблағ ҳам ажратиб берилди. Бундан ташқари, имом-хатиблар, ёши улуғ инсонлар томонидан намозларда, маърака-мавридларда эзгу ишга бош қўшишга чақириқлар қилинди. Бухоро шаҳрида яшовчи аҳоли орасида кўпчиликнинг қавми-қариндоши шу ерда дафн этилганлиги боис уларга ҳам даъватлар бўлди”, - дейди Ўктам Барноев.