Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги қабристонда ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар ҳамон қизғин муҳокама қилинмоқда.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Бухоро шаҳридаги ушбу қабристонга борди ва мавжуд вазиятни жойида ўрганган эди.
Ўрганиш асосида сайтда «Бухородаги қабристонни ободонлаштиришга ташкилотлар ходимлари мажбурий жалб қилинмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда қабристондаги ободонлаштириш ишларига ҳақиқатан ҳам турли ташкилотлар ходимлари жалб қилинаётгани далиллар билан ёритилган эди.

Шундан кейин Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг Facebook’даги саҳифасида шаҳардаги «Ҳазрати имом» қабристонидаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан пост қолдирилди.
Унда марҳумлар ётган жойларни обод ва озода сақлашга эътибор қаратиш фарзлиги, ҳеч ким бу ишларга мажбуран жалб этилмаётгани, барчаси ҳашар тарзида ташкил этилаётгани таъкидланган. Шу билан бирга, Kun.uz сайти суриштирувида тасдиқланган маълумотлар асосида берилган ҳолатлар инкор қилинган.
Ўктам Барноев ушбу фикрлари билан мақоладаги тасдиқланган ҳолатлар билан яқиндан танишмаган кўринади.
Мақолада ҳудуди 17 гектарни ташкил қиладиган энг катта ва қадимий қабристонда олиб борилаётган ишларда ташкилотлардан ходимлар борлиги, шунингдек, ҳарбий қисм аскарлари ҳам ишлаётгани суратлари билан берилганди.


Қолаверса, ободонлаштириш бошқармасининг сўзлари ҳам келтириб ўтилган эди.
«Биз ободонлаштириш бошқармасида ишлаймиз. Бу ерда ишлар бошланганига бир ойга яқин вақт бўлди. Тўғри, бу ерда биздан ташқари, турли ташкилотлар ходимлари, ўқитувчилар ҳам, шифокорлар ҳам келиб ишлашмоқда. Бугун ҳам эрталабдан туш вақтигача ишлаб кетишди», – деган эди Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг исмини очиқлашни истамаган ишчиси.













