Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати пойтахт марказидан оқиб ўтувчи Катта Бўрижар каналидан топилган жасад бўйича маълумот берди.

«5 август куни соат 10:40да 102 рақамига Бўрижар каналида балиқ овлаётган, 31 ёшли Бобур Р. томонидан қўнғироқ келиб тушган. У ўз хабарида Чилонзор тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўрижар каналида инсон жасадини кўрганини билдирган.

ФВВ қутқарувчилари томонидан жасад сувдан чиқариб олинган. Маълум бўлишича, у Шайхонтоҳур туманида яшаган, 27 ёшли А.М. бўлган ва у жорий йилнинг 1 августида бедарак йўқолган шахс сифатида қидирувга берилган.

Тергов олди ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

5 август куни Kun.uz сайти мухбирлари томонидан мазкур ҳодиса бўйича лавҳа тайёрланган ва «Тошкентда балиқчи қармоғига инсон жасади илинди. У қотиллик қурбони бўлиши ҳам мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.