6 август куни Ўзбекистоннинг Индонезиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Рўзиқулов мамлакатнинг сайланган вице-президенти Маруф Амин билан учрашди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон-Индонезия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Индонезия аҳолиси орасида Ўзбекистонга туристик йўналиш, хусусан, «зиёрат туризми» йўналишини оммалаштириш мақсадида 2018 йил февралдан Ўзбекистон Индонезия фуқаролари учун визасиз режим жорий этгани ва 2019 йил майдан Тошкент ва Жакарта шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилгани қайд этилди.
Томонлар икки мамлакат ўртасида тўлиқ фойдаланилмаётган улкан иқтисодий салоҳият мавжудлигини эътироф этди ва ушбу йўналишда ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди.















