Жамият | 16:46 / 15.08.2019
29523
4 дақиқада ўқилади

Қўштепа ҳокими ва фермер ўртасидаги низо бўйича Олий суд муносабат билдирди. Муаммо эса ечимини топганича йўқ

Kun.uz сайти Фарғона вилояти, Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалигидаги мавжуд муаммолар ҳақида мақолалар эълон қилганди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан «Фарғона тонг отгунча...» ёки фермернинг арз-додлари ўзига «тўқмоқ» бўлиб қайтгани ҳақида»ги мақолага нисбатан  муносабат билдирилган.

«Kun.uz сайтида эълон қилинган «Фарғона тонг отгунча...» ёки фермернинг арз-додлари ўзига «тўқмоқ» бўлиб қайтгани ҳақида»ги мақола Олий судда ўрганиб чиқилди.

Мақолада Фарғона вилояти Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалигида юзага келган муаммолар ҳақида сўз юритилган.

Аниқланишича, «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Абдуманноб Қосимов 2018 йилда банкдан катта миқдорда кредит олиб, Германиядан 99 бош наслли қорамол харид қилган...

Қўштепа тумани ҳокими И.Новиков туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилиб,  «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Абдуманноб Қосимов наслли молларининг ўлимига озуқа етишмаслиги, унга қумлоқ жойдан ер ажратилгани ва бошқа важлар билан туман ҳокимини айбдор этаётгани сабабли ишни қонуний кўриб чиқишни сўраган. Иш ҳужжатлари маъмурий судга 2019 йил 17 май куни келиб тушган.

Қўштепа тумани маъмурий суди томонидан мазкур иш 22 май куни иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

А.Қосимовнинг ҳуқуқбузарлик ҳаракати судда сўралган жабрланувчи Э.Ғофуров, судда суриштирув даврида берган кўрсатувлари ўқиб эшиттирилган жабрланувчи И.Новиков (туман ҳокими) ва гувоҳ У.Турсуновнинг кўрсатувлари, Қўштепа тумани ветеринария бўлимининг 2019 йил 9 мартдаги 22-сонли хулосаси ҳамда судда текширилган иш бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини топган ва А.Қосимовга энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида (405 460 сўм) маъмурий жарима қўллаган.

Суднинг мазкур қарори юзасидан А.Қосимов томонидан кассация шикояти берилган бўлиб, Фарғона вилояти маъмурий судида шу йил 7 август куни кўриб чиқилиши белгиланган.

Тафсилотлар ҳақида қўшимча маълум қилинади», дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.

Таҳририят томонидан ёритилган масалаларга, республика даражасидаги ташкилотлар, ҳусусан Олий суд томонидан бу каби муносабат билдирилиши кишини қувонтиради, албатта. Демак, раҳбарлар муаммоларга бефарқ эмас.

Бироқ, бизни бошқа нарса ташвишга солади. Худди тадбиркор каби биз ҳам Қўштепа туман ҳокимлиги таҳлилий мақолалардан сўнг, зарур чораларни кўриб, аҳволни ўнглашга ҳаракат қилади, деган умидда эдик. Афсуски, ҳаммаси бунинг тескариси бўлиб чиқди. Яъни, туман ҳокими И.Новиков тадбиркор фермернинг оғирини енгиллатиш учун енг шимариш ўрнига унга босим ўтказишга киришиб кетди. Текшир-текширлар бошланди. «Пичоққа илинадиган» айб топилмагач, шахсан туман ҳокимининг ўзи фермер устидан судга арз қилди.

Август ойида яна Қўштепа туманидаги ер майдонларининг қанчасига пахта ва яна қанчасига ғалла экилиши режаси ишлаб чиқилади. Фермерга тезроқ чорва учун ем-озуқа етиштиришга ер майдони зарур.

Олий суд муносабатида айтилган 7 август кунидаги суд ҳам бўлиб ўтди. Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси дастлабки қарорни ўзгаришсиз, ўз кучида қолдирди. Шу адолатли қарордир балки... Бироқ, афсуски тадбиркорнинг аҳволи кундан кунга оғирлашиб бормоқда. Қорамолларга озуқа учун бериладиган ер майдонидан эса дарак йўқ.   

Мавзуга оид