Жаҳон | 16:48 / 18.08.2019
15968
3 дақиқада ўқилади

Жўшқин ўсиш, жиддий инқирозлар, минглаб бўшатишлар ва ёпилиш хавфи. LEGO’нинг қисқача тарихи

Фото: AFP

Дэвид Робертсон ва Билл Брин «Ғиштча кетидан ғиштча» китобини ёзган бўлиб, китобда LEGO компанияси тарихи ҳақида ҳикоя қилинади. vc.ru ушбу китобдан афсонавий компанияга оид 5та фактни келтирди.

1. LEGO сўзи нимани англатади?

LEGO —данияликлар тилидаги «leg godt» сўзларининг қисқартмаси бўлиб, «яхши ўйнанг» деган маънони билдиради. Бу ном компания фалсафасини ифодалайди: «яхши ўйин» болаларга катта бўлганида керак бўладиган ижодий қобилиятларини ривожлантиришга ёрдам беради».

LEGO ўзининг деярли бутун тарихи давомида сотув ҳажми ўсишидан баҳра олиб келган. Компания бир жойда тўхтаб қолмаган, мунтазам равишда ривожланиб, такомиллашиб борган ва янги ўйинчоқлар чиқарган. Аммо ХХ аср охирида LEGO жиддий қийинчиликларга дуч келди.

2. Жиддий инқироз

Энг жиддий инқирозлардан бири 90-йилларда, LEGO компаниясининг ғиштчалари учун олинган патентнинг амал қилиш муддати тугаб қолганида юз берди. Уларнинг ўйинчоқларидан деярли барча нусха кўчира бошлади. Бунинг устига, улар ўзлари ишлаб чиқарган ғиштчаларни компанияникидан анча арзон сотишди. Инқирознинг яна бир муҳим сабаби — янги технологик ўйинчоқлар ва комьютер ўйинларининг яратилиши ҳамда кенг тарқалиши. Компания 1998 йилни ўз тарихида биринчи марта 48 миллион доллар миқдоридаги зарар билан якунлади. 1999 йилда мингдан ортиқ ходимларини бўшатишига тўғри келди.

3. LEGO ёпилиб кетиши мумкин эди

Замон талабига мослашиш мақсадида LEGO янги инновацион ёндашувларга қизиқиб қолди. Компания инновацияларга асосланган ўсиш стратегиясини ишлаб чиқди. Кўплаб янгиликлар компанияга зарардан бошқа нарса келтирмади, назоратсиз инновацион жараён эса компанияни жиддий инқироз ёқасига олиб келди. LEGO 2003 йилни ўз тарихидаги энг катта зарар билан якунлади, савдолар ўтган йилгига нисбатан 30 фоизга тушиб кетди. Ҳаттоки компанияни қисмларга бўлиб сотиш масаласи ўртага чиқди. 

4. Инновацияларга эътибор

Компания инқироздан чиқиш даврида инновациялар киритиш йўлидан воз кечмади. Унинг энг муваффақиятли маҳсулотлари — «Самовий урушлар», «Ҳарри Поттер» ва Bionicle ўйинларида тўлиқ инновацион ғоялардан фойдаланилди. Компания энг яхши маҳсулотларининг энг катта имкониятларини ишга солиб, инновацион ғояларини ривожлантирди.  

5. Ҳақиқат – одамларда  

Компания 1990-йиллар охиригача ўз интеллектуал мулки билан бўлишмайдиган анчагина ёпиқ компания бўлиб келганди. Аммо инқироз LEGO раҳбариятини оммавий тафаккур устунликларидан фойдаланишга мажбур қилди. Ўз ишқибозлари билан ҳамкорлик қилиш муваффақиятли бўлди ва компания мухлисларга ишониш ҳамда ўз ишлаб чиқариш сирларини улар билан бўлишиш керак деган хулосага келди.

Мавзуга оид