Ўзбекистон | 16:10 / 25.08.2019
33992
2 дақиқада ўқилади

«Ички ишлар ходими одамларнинг уйини бузиш ва аҳолини кўчириш ваколатига эга эмас» — Вазирнинг биринчи ўринбосари

Сенатнинг 21-ялпи мажлиси иккинчи кунида бошқа муҳим масалалар қатори сенаторлар уй бузилиши билан боғлиқ ҳолатга ўз муносабатларини билдиришди.

Сенатор Фаррух Дадахўжаев ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Тошпўлатовга уй-жой бузилишида ички ишлар ходимлари иштирок этиш ваколати борми, дея савол билан мурожаат қилди.

«Ҳеч бир ички ишлар ходими ёки раҳбар ходим одамларнинг уйини бузиш ва аҳолини кўчириш ваколатига эга эмас. Бузиш бўйича ҳокимлик ва бошқа тегишли органлар қарори билан амалга оширилади. Ички ишлар ходимининг вазифаси шу жараёнда хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлашдан иборатдир. Ушбу ҳаракатларга йўл қўйган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади. Уй бузилиши бўйича бўлаётган ҳолатлар юзасидан ҳар бир тегишли ички ишлар бошқармалари раҳбарлари вазирликка ахборот беради. Масалан, Риштон ва Поп туманлари бозорлари кўчирилиши ҳолати ҳақида вазирликка ахборот берилган. Бу ҳақида ҳокимликларга чора кўришлари бўйича ахборот хати юборилган», - дея жавоб берди вазир ўринбосари.

Сенат раиси Танзила Норбоева «снос» бўйича ички ишлар вазирлиги қатъий позицияга эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, вазирлик қаерда шундай ҳолатлар кузатилса, тезкорлик билан реакция билдириши лозим.

«Шикоят тушишини кутмасдан одамларнинг кайфиятига салбий таъсир қиладиган ҳолатларни аниқлаб, уни жойида бартараф этиш лозим», дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид