Жамият | 16:40 / 29.08.2019
9328
2 дақиқада ўқилади

Ишни «ёпиш» учун прокурорга 1000 доллар пора бермоқчи бўлган иштихонлик «ерсотар» фермер судланди

Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судида И.Ғуломов раислигида ўтган суд мажлисида ана шу жиноят иши бўйича суд иши бўлиб ўтди.

Фермер С.Ш.нинг судда иқрорлик билдиришича, у раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжалиги ҳудуди чегарасидаги 9 сотих ер майдонини 27 миллион сўмга сотиб юборган ҳамда укаси, жияни ва фермер хўжалиги аъзоси томонидан ўзбошимчалик билан турар жой қурилган.

Маълум бўлишича, ушбу ҳолат юзасидан Иштихон тумани Агросаноат инспекцияси томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилган. Туман прокурори ўринбосари унинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, у ва ўғлига нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан тушунтириш бериши кераклигини айтган. Ўша куни фермер прокурор ўринбосарига оғзаки тушунтириш берган. Шундан кейин тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатмаслиги учун 1000 АҚШ долларини беришини таклиф қилган. Прокуратура ходими эса бу жиноят эканини тушунтирган.

Аммо орадан маълум муддат ўтгач, фермер туман прокурори ўринбосарининг хизмат хонасидаги столининг устига 600 АҚШ долларини қўйган пайтда Самарқанд вилоят прокуратураси ходимлари кириб келиб ҳолатни расмийлаштирган.

Судда фермерга икки йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 

Мавзуга оид