21 август куни таҳририят ижодий гуруҳи ҳоким билан бир кун лойиҳаси доирасида водийда бўлди. Бу сафар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бир иш кунига гувоҳ бўлдик.

Ҳокимнинг ҳафта кунлари турли масалалар учун тақсимланган экан. Шунга кўра, ҳоким душанба, сешанба ва чоршанба кунлари ҳудудларни айланиши белгиланган. 21 август куни чоршанба кунига тўғри келгани боис, вилоят ҳокими билан туманлардаги олиб борилаётган ишларни биргаликда кузатдик.

Ҳоким иш кунини эрталаб соат 6:00да кабинетига келиб, янгиликлар билан танишишдан бошлар экан. Ижодий гуруҳ билан соат 6:30да ҳоким ҳузурида бўлдик ва ўзаро кичик суҳбат ўтказдик.

«Ҳар куни эрталаб келиб биринчи қиладиган ишим ижтимоий тармоқларда Андижон бўйича қандай масалалар кўтарилгани билан танишиш бўлади. Кейин эса вилоятимизда бир сутка давомида тегишли ташкилот ва органлардан берилган ахборот билан танишиб чиқаман. Ахборот хизматига ОАВ орқали кўтарилган масалаларни ўрганиб чиқишни кўрсатма қиламан. Куни кеча вилоят ҳақида 3та маълумот чиқди. Шахсий телефонимга ҳамма ижтимоий тармоқлар уланган», дейди ҳоким.

У блогерларни ҳам ўқиб бораркан.

«Албатта блогерлар ҳам бор. Блогерсиз ҳаёт йўқ бўлиб қолди ҳозир. Шунингдек, ўзимнинг ҳам фейсбук ва инстаграмда саҳифаларим бор. Эрталабдан бир аёл фейсбуким орқали мактаб-интернат масаласида мурожаат қилибди. Шуни ўқиб вилоят халқ таълими бошлиғи билан гаплашдим. Ечим сифатида интернат ҳам жойида қолади, эски фойдаланилмай ётган коллежни янги мактаб қилиб очамиз. Бу мурожаатчи ҳам бир блогер. Агар шу саҳифалар бўлмаса бу муаммо анча вақтгача ечилмасдан қолиб кетиб, янги муаммоларни келтириб чиқарарди», дейди вилоят ҳокими.

Шундан сўнг ҳоким ва унинг ўринбосарлари иштирокида эрталабки кичик йиғилиш бошланди. Унда бир кунлик ишлар режалаштирилди. Бунга тахминан 10 дақиқа кетди.

7:00. Ҳокимлик биносида хитойлик инвестор ва бизнес омбудсман вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Хитойлик инвесторлар миллионлаб тонна қалампирга талаб мавжудлиги сабаб сотиб олишга тайёрлиги, ер берилса етиштириб ўзлари экспорт қилишлари ҳақида маълум қилишди. Ҳоким керакли барча ишларни бажаришни ўз зиммасига олишини айтди. Учрашув сўнгида меҳмонларга ҳокимлик совғалари берилди. Иккинчи учрашув бизнес-омбудсман вакиллари билан ўтказилди ва инвестиция масалалари муҳокама қилинди.