Спорт | 13:59 / 01.09.2019
14363
2 дақиқада ўқилади

«Ростов» ҳимоячисининг ҳаракатлари «ўн йиллик сейви» деб аталди, Transfermarkt клубларга ушбу футболчини харид қилишни тавсия этди

Испаниядаги нуфузли AS нашри «Ростов» ҳимоячиси Евгений Черновнинг Россия Премьер-Лигасининг 8-турида «Локомотив»га қарши кечган ўйин (2:1) якунидаги ҳаракатларини ўн йиллик сейви деб атади. 

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар давомида ушбу 26 ёшли футболчи рақибнинг икки зарбасини дарвоза чизиғи устида қайтариб қолди ва жамоа дарвозаси бўш қолган ҳолатда голдан сақлаб, жамоаси ғалабага эришишига ҳисса қўшди.

«Биз сўнгги ўн йилликнинг энг яхши сейвларига гувоҳ бўлдик: 90-дақиқа, ва у мўъжиза содир этди», — дейилади нашри сайти хабарида.

Шунингдек, футбол статистикалари бўйича йирик сайт Transfermarkt клубларга «Ростов» ҳимоячиси Евгений Черновни сотиб олишни тавсия қилган.

Transfermarkt портали ушбу футболчининг ўйин якунидаги хатти-ҳаракатларига қуйидагича шарҳ берган: «Барча клублар мураббийларига, уни трансферлар дарчаси якунигача сотиб олишни тавсия этаман: Евгений Чернов, 26 ёш, чап қанот ҳимоячиси, клуби билан амалдаги шартномаси 2022 йил ёзига қадар, бозор нархи: 2 млн евро».

«Ростов» Москвадаги ғалабадан кейин Премьер-Лига турнир жадвалини бошқариб бормоқда. Сариқ-кўклар 8 ўйинда 17 очко жамғаришди. ФИФА кунларидан кейин 15 сентябрь куни ўтказиладиган кейинги турда «Ростов» ўз майдонида «Ахмат»ни қабул қилади.

Мавзуга оид