Жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари юзасидан қатор суҳбатлар уюштириб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши ўзбек адабиётининг таниқли вакилларидан бири, адиб Мурод Муҳаммад Дўст бўлди.

Қуйида адиб Мурод Муҳаммад Дўст ва сайт журналисти Илёс Сафаров ўртасида кечган суҳбатнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.

- Мурод ака, кўп йиллар мамлакат раҳбариятидаги юқори лавозимларда ишладингиз. Бу йиллар ичида давлат анатомиясининг, бошқарувининг ичида бўлдингиз. Айтинг-чи, шу вақт давомида ўзингизга қандай хулосалар олдингиз ва бугун худди сиз каби, ўша лавозимларда ишлаётган амалдорларимизга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз, улар нима қилсаки ёки қандай бўлсаки халққа яхши бўлади?

- Биз ишлаган давр билан бугунги куннинг фарқи катта. Орадан салкам ўттиз йил ўтиб улгурди. Бошқарув таркиби, усуллари ўзгарди. Менда бировга маслаҳат бериш истаги йўқ. Кўпроқ ўзимнинг орзуларимни айтишим мумкин. Уларнинг бир қисмини сал олдин айтиб улгурдим ҳам.

Яқинда Президент Мирзиёев Белорусия сафаридан қайтиб, улар 2.5 миллиард долларлик ахборот технологиялари экспорт қиларкан, деб айтди. Одатда бу соҳадаги рақамларга сал эҳтиёт бўлиб қараш керак, негаки МДҲ мамлакатларида IT экспортига алоқа, хусусан, суньий йўлдошлар ёрдамида кўрсатилган коммуникация хизматларини ҳам қўшиб ҳисоблаш расм бўлган. Дейлик, Россия, бизда IT экспорти 10 миллиард долларга тенг, деб эълон қилади. Аслида эса, ҳозиргина айтилган хизматлар қийматини чиқариб ташласак, IT экспорти бор-йўғи 4,5 миллиард долларни ташкил этади. Украинада – тахминан 3 миллиард доллар. Белорусиянинг, Россиядан фарқли ўлароқ, биттагина “Белка” деган сунъий йўлдоши бор, шу сабаб, уларнинг IT экспорти 2-2,5 миллиард доллар бўлиши мумкин. Майли, йилига 2 миллиард ҳам бўла қолсин. Бу – бизнинг бир йилда пахта экспортидан топадиган фойдамиздан 2 баробар кўп.

Бир замонлар Ҳиндистон четга 6 миллиард долларга тенг IT экспорти қилади, деган хабарни ўқиб, жуда ҳавас қилганман. Дўстларга уларнинг ютуғини айтиб юрганларимни эслайман. Ёдимда, улар менга, Ҳиндистонда салкам 1,5 миллиард одам яшайди, биздан неча баробар кўп, аҳоли нисбатини олиб қараса улардан мияли одамлар кўпроқ чиқади-да, деб таскин беришган.

Бугун Ҳиндистон 1 миллиард 339 миллион (2017 йил маълумоти) кишилик аҳолиси билан йилига 55 миллиард долларга тенг IT экспортига эга.