Ўзбекистон Республикаси Президенти “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда жамиятда виждон эркинлиги кафолатлари ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича мустаҳкам ва доимий ҳамкорлигини назарда тутувчи янги тизим жорий этилади.

Қуйидагилар янги тизим доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

дин соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифалари ва принципларини кенг жамоатчиликка, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ва ходимларига тушунтириш, уларнинг фаоллиги, ташаббускорлигини ошириш;

виждон эркинлиги кафолатларининг бузилиши ҳолатларига нисбатан тезкор чоралар кўриш;

аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш;

оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш.

Қуйидагилар Қўмитанинг янгиланган асосий вазифалари этиб белгиланди:

виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;

диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ушбу жараёнларда диний-маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш;

давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;

аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;