Сўнгги вақтларда «Гўшт яна қимматлабдими?», деган савол кўп янграмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, гўшт организм ва озиқ-овқат рациони учун энг керакли маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Ёши, жинси, бажарадиган иш фаолиятига қараб бир одам кунига камида 100 граммдан гўшт истеъмол қилиб туриши керак. 100 грамм миқдоридаги гўшт билан инсон организмига керакли дармондори, оқсил, углевод ва минерал моддалар кириб туради.
Болалар таомномасига уларнинг ёшига қараб кунига 60-70 грамм гўшт маҳсулоти киритилиши керак. Гўшт ва гўштдан тайёрланган маҳсулотларда (гўштли таомлар) имкон қадар ёғи камроқ ва аминокислотали таркиби сифатлироқ гўштлардан фойдаланиш лозим. Инсон организмининг гўшт маҳсулотлари, оқсилга бўлган талаби катта. Оқсил моддаси камлиги эса катталар ва болаларда турли касалликларга сабаб бўлади.
Бир сўз билан айтганда, инсон организми учун кунлик рационда албатта гўшт бўлиши керак. Гўшт қиммат бўлса, аҳоли учун маълум қийинчиликлар юзага келади ва уни харид қилишга имконият пасаяди.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини айланиб, аҳоли ҳар куни истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотлари нархи билан қизиқдик. Шуни айтиб ўтиш лозимки, водийда гўшт асосан маҳалла гузарларидаги қассобхоналар, деҳқон бозорлардаги гўшт павильонлари ва савдо дўконларида сотилади. Лаҳм ва суяк аралаш килолаб сотилади. Суяксиз гўштнинг нархи алоҳида.
Нархлар

Наманган вилояти ҳудудида рўзғорбоп, кундалик олинадиган лаҳм ва суяк аралашган гўштнинг нархи 48-50 минг сўм. Бозорларда 45 минг сўм. Байрам муносабати билан ташкил қилинган ярмаркаларида 38 минг сўмдан сотилмоқда.



Фарғона вилояти туман ва шаҳарларида нарх 50 минг сўм, байрам ярмаркаларида 38 минг сўм. Қўқон шаҳрида эса 50-55 минг сўмга чиққан.

Андижон вилояти туман ва шаҳарларида 48-50 минг сўм. Деҳқон бозорларида нархни мўътадил ушлашга ҳаракат қилишяпти. Павильонларда 40 минг сўм атрофидаги нарх ёрлиқларини кўрасиз. Ярмаркаларда эса 35-38 минг сўм.


















