Спорт | 11:24 / 11.09.2019
26871
3 дақиқада ўқилади

Фото: Бокс терма жамоаси навбатдаги жангларга тайёрланмоқда. Тўлқин Қиличев жаҳон чемпионатидаги имкониятлар ҳақида гапирди

Ўзбекистон бокс терма жамоасининг катта мураббийи Тўлқин Қиличевнинг фикрича, Екатеринбургда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик боксчилар 2та олтин медалга эга чиқишса, буни жуда яхши натижа сифатида қабул қилиш мумкин.

Шу билан биргаликда, у терма жамоа бундан юқорироқ натижа кўрсатишга қодирлигини қайд этиб ўтган.

«Сўнгги йиллардаги турнирларда жамоамиз кўрсатаётган натижалар туфайли биз олдимизга янада баландроқ марраларни вазифа сифатида қўймоқдамиз, ортга қайтишга йўл йўқ. Биз учун Екатеринбургдаги жаҳон чемпионати саралаш вазифасини ўташ-ўтамаслигининг (2020 йилги Олимпиада) аҳамияти йўқ. Биз максимум натижага эришишни мақсад қилганмиз.

Агар бу турнирда иккита олтин медал қўлга киритса, бу жуда яхши натижа бўлади. Аммо биз янада юқорироқ натижа учун интиламиз. Бизнинг асосий рақибларимиз - Россия, Куба, Қозоғистон ва Украина терма жамоалари боксчиларидир», дея Тўлқин Қиличевнинг сўзларини келтирмоқда Спорт РИА Новости нашри.

Ҳаваскор боксчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати 9 сентябрь куни старт олди ва 21 сентябрга қадар давом этади. Унда жаҳоннинг 91 мамлакатидан жами 488 нафар спортчи иштирок этмоқда. Спортчилар 8та медаллар шодаси учун кураш олиб боришмоқда.

9-10 сентябрь кунларида Ўзбекистон бокс терма жамоасининг 2 нафар вакили, -75 килограмм вазн тоифасидаги Фанат Қаҳрамонов ва -81 кг вазн тоифасидаги Дилшод Рўзметов саралаш босқичидан муваффақиятли ўтишди, уларнинг иккиси ҳам мўғулистонлик боксчиларни ишончли тарзда мағлубиятга учратишди.

10 сентябрь куни Дилшод Рўзметов жаҳон чемпионатидаги илк жангини мўғулистонлик Нармандах Шинебаярга қарши ўтказаётган вақтда терма жамоанинг бошқа аъзолари  катта мураббий Тўлқин Қиличев бошчилигида енгил машқларни бажаришди.

Ўзбекистон бокс терма жамоаси ва мураббийлар
Катта мураббий Тўлқин Қиличев ва Шаҳобиддин Зоиров
Элнур Абдураимов ва Бобоусмон Батуров
Фанат Қаҳрамонов
Ўзбекистон бокс терма жамоаси

12 сентябрь куни -52 кг вазн тоифасидаги Шаҳобиддин Зоиров ҳамда -63 кг вазн тоифасидаги Элнур Абдураимов биринчи босқич жангларини ўтказишади. Шаҳобиддин Зоиров туркманистонлик Ихлос Гулижановга қарши, Элнур Абдураимов эса жазоирлик Ризо Бинбазизга қарши рингга кўтарилади.

Элнур Абдураимов
Шаҳобиддин Зоиров

Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар вакили - Миразизбек Мирзахалилов, Бобоусмон Батуров, Санжар Турсунов ва Баҳодир Жалолов саралаш босқичидан озод этилган. Улар иккинчи босқичда баҳсларга киришади.

Миразизбек Мирзахалилов
Бобоусмон Батуров
Санжар Турсунов
Баҳодир Жалолов

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров – Ихлос Гулижанов (Туркманистон) (12 сентябрь)
-57 кг: Миразизбек Мирзахалилов – Де Андраде (Бразилия) / Иванов (Польша) (15 сентябрь)
-63 кг: Элнур Абдураимов – Ризо Бинбазиз (Жазоир) (12 сентябрь)
-69 кг: Бобоусмон Батуров – Аррегуи (Аргентина) / Миккалеф (Черногория) (16 сентябрь)
-91 кг: Санжар Турсунов – Хулио Бланко (Колумбия) / Тейшейра Да Сильва (Бразилия) (15 сентябрь)
+91 кг: Баҳодир Жалолов – Рогава (Украина) / Рамазон Пурделавар (Эрон) (17 сентябрь).

Мавзуга оид