Жаҳон | 11:45 / 18.09.2019
45625
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда этник ўзбекларга жанубдан шимолга кўчиб ўтиш таклиф қилинди 

Қорабулоқ қишлоғи / Фото: informburo.kz

Этник ўзбекларга Қозоғистон жанубидан шимолига кўчиб ўтиш таклиф қилинмоқда, дея хабар берди Nur.kz Nur Otan партиясининг Туркистон вилояти бўлими хабарномасига таянган ҳолда.

Партиянинг Туркистон вилояти бўлими раисининг биринчи ўринбосари Бейсен Тожибаев бошчилигидаги тарғибот гуруҳи Қорабулоқ қишлоғи аҳолиси билан учрашди.

Учрашув давомида у ўзбек диаспорасини «Еңбек» дастурининг афзалликларидан фойдаланган ҳолда, унда фаол иштирок этишга чақирди.

Фото: Otyrar.KZ

«Қорабулоқ - мамлакатдаги аҳоли энг зич жойлашган қишлоқ. Овулда 60 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аммо бу йил фақат бир оила бу ердан шимолга кўчиб ўтди. Лойиҳада кўчиб ўтганларга экинлар етиштириш, чорвачилик учун ер ажратилиши кўзда тутилган. Бизнинг минтақада 400 мингдан ортиқ меҳнатсевар ўзбеклар истиқомат қилади, агар улар давлат дастурида фаол иштирок этса, аҳоли иш ва уй-жой билан таъминланади. Шимолий минтақалар гуллаб-яшнайди. Кўп муаммоларни ҳал қилиш мумкин бўлади», - дея ишонч билдирган Тожибоев.

Матбуот учун хабарномада айтилишича, катта стратегик аҳамиятга эга бўлган бундай учрашув ўзбек этник гуруҳи вакиллари ўртасида илк бор ўтказилди. Натижада, 52 оила шимолий ҳудудларга кўчиб ўтиш истагини билдирди.

Партия вилоят бўлими раҳбарининг биринчи ўринбосари масъул шахсларга умумий аҳолиси 210 минг кишидан иборат бўлган Сайрам туманининг ҳар бир овулида кенг тарғибот ишлари олиб боришни буюрди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид