Жамият | 14:20 / 22.09.2019
103678
3 дақиқада ўқилади

Грин-карта учун ариза топшириш муддати эълон қилинди. Энди талабгорларда хорижга чиқиш паспорти бўлиши шарт

2 октябрдан бошланадиган ариза қабул қилиш жараёни 5 ноябрь, Тошкент вақти билан соат 22:00да тўхтатилади.

Фото: Getty Images

2021 йил учун грин-карта лотереясига аризалар 2019 йил 2 октябридан 5 ноябрига қадар қабул қилинади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

Эътиборлиси, бу гал анкета тўлдириш жараёнида талабгорлар халқаро саёҳат паспорти сериясини ҳам киритишлари талаб этилади. Демак, лотереяда қатнашишни истовчи Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш паспортини («қизил паспорт») олишларига тўғри келади.

2 октябрдан бошланадиган ариза қабул қилиш жараёни 5 ноябрь, Тошкент вақти билан соат 22:00да тўхтатилади. АҚШ Давлат департаменти ариза беришнинг охирги ҳафтасигача кутмасликни маслаҳат беради, боиси якуний муҳлат яқинлашгани сари регистрация сайтига ташрифлар сони ортиши сайт фаолиятини қийинлаштириши мумкин.

Компьютер дастури ёрдамида тасодифий танлов билан аниқланадиган натижалар 2020 йил 5 майида эълон қилинади. Бу галги лотерея билан жаҳон бўйича 55 минг кишига АҚШ визаси берилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, лотереяда қатнашиш бепул. Талабгорлар https://dvlottery.state.gov сайтидаги анкетани тўлдиришлари лозим.

Хорижга чиқиш паспорти қандай олинади?

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш учун рухсатнома стикери берилиши тўхтатилган ва унинг ўрнини амал қилиш муддати 10 йил бўлган хорижга чиқиш биометрик паспорти эгаллаган.

Уни олиш учун фуқаро доимий рўйхатдан ўтган жойлардаги ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига, хорижда эса Ўзбекистоннинг консуллик муассасаларига мурожаат этиши лозим.

Хорижга чиқиш паспорти ариза берилганидан сўнг 10 иш кунида, хорижда эса дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.

Бунда тўланадиган давлат божи Ўзбекистон фуқаролари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 баравари (267 600 сўм), фуқаролиги бўлмаган шахслар учун 1 баравари (223 минг сўм) этиб белгиланган.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

– белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
– биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
– давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
– ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўйича бўлимининг маълумотномаси – ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
– илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда);
– ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
– ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги – вояга етмаганлар учун;
– фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти – вояга етмаганлар учун.

Мавзуга оид