Наманган вилоятининг Поп тумани Миробод қишлоғида истиқомат қилувчи инсонлар таҳририятга мурожаат билан чиқишди. Мурожаатда ҳудудда ҳаёт кечириш учун талаб этиладиган энг бирламчи шароитлар ҳам мавжуд эмаслиги айтилади.
Водий сафари давомида ушбу қишлоқда бўлиб, мурожаатчилар билан учрашдик.
«Хўжайинларимиз топган пулни сувга сарфлаяпмиз»
Маҳбуба Қурбонова: – «Сув танқислиги туфайли баъзида қўлимизни ювгани қизғанамиз. Биз ҳам яхши шароитда яшашни хоҳлаймиз. Ота-оналарнинг бири фарзандига пул бера олади, бири беролмайди. Шундай болалар мажбурликдан ариқда оқаётган ифлос сувдан ичиб қўймоқда. Натижада ичкетарлар, бошқа касалликлар чиқади. Ҳозир биз на шаҳарликка ўхшаймиз, на қишлоқликка. Шароитимиз яхшимас, камига ҳамма нарсани сотиб оламиз. Томорқада экин эколмаймиз. Сувни сотиб оламиз, солиқларни тўлаймиз. Биздан бир неча марта камчиликларимиз ҳақида сўрашди. Аҳоли сони кўп бўлгани билан битта хонадонда нечта-нечта одам ишсиз. Хўжайинларимиз топган пулни сувга сарфлаяпмиз».
Бегзод Норбаев: – «Фалакнинг гардиши билан бизнинг туманга президент маслаҳатчиси Умар Исмоилов аҳоли билан учрашиш учун келганди. Мурожаатимиз натижасида бу ерга ишчи гуруҳ келган, бизнинг қишлоқ сув, йўл ва бошқа коммунал муаммолар сабаб 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган. Яъни, ўтган йили қишлоғимиз ободонлаштирилиши керак эди.

Ҳозир эса бу ҳудуддаги ишлар «бажарилган» деб айтилмоқда. Баъзи ҳудудлар таъмирлангандир, лекин бизнинг қишлоқдаги ҳолатни ўзингиз кўриб турибсиз. Электр симёғочлар авария ҳолатида, ичимлик суви йўқ. Ичимлик сувини сотиб оламиз. Олдинлари бу ерларда ҳам сув бўлган. Бизнинг қишлоқда 300 хўжалик истиқомат қилади. Ҳозирда сув масаласи долзарб. Экинларимизни чорвага едириб юбордик. Фонддан пул ажратилган, лекин амалда ҳеч иш йўқ. Биз бу масалада бир неча марта мурожаат қилдик. Лекин вилоят ҳокими ҳам, туман ҳокими ҳам ҳалигача ишларни бажаришмаяпти. Президент маслаҳатчиси бизнинг раҳбарларга вазифани берган. Лекин улар шу кунгача алдаб келишяпти. Сув ва электр ўтган йил ҳисобидан ҳал бўлиши керак эди».






















