Жамият | 10:10 / 25.09.2019
16381
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 100 дан ортиқ ота-она фарзандининг «тунги сайрлари» учун жаримага тортилди 

Фото: KUN.UZ

Ҳуқуқ-тартибот идоралари тунги вақт интернет-кафе ёки тунги клубларда катталарсиз аниқланган вояга етмаганларнинг ота-оналарини жаримага тортишга ҳақли.  

Хусусан, пойтахт Тошкентда охирги 8 ой ичида шундай ҳуқуқбузарлик учун 137 нафар ота-она жаримага тортилган. Бу ҳақда брифинг вақтида Тошкент шаҳар ИИББнинг вояга етмаганлар ишлари бўйича бош инспектори Абдурашид Очилов маълум қилди. 

“Ҳар тун вояга етмаганлар ишлари билан шуғуллануви инспектор соат 22:00дан кейин интернет-кафе, тунги клублар каби ёшлар тўпланадиган жойларда тунги рейдларни ўтказади. Бундай жойларда катталар ҳамроҳлигисиз вояга етмаганлар аниқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси прим 2 ( Вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш) бўйича иш очилади”, деб маълум қилган Очилов.

Баённома тузилгач ва иш судга оширилгач, ота-оналар энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан 15 баробаригача миқдорда жарима тўлайдилар. Кейин маълумот ҳокимлик ҳузуридаги комиссияга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси бўйича (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) топширилади.

Мавзуга оид