Ўзбекистонда ҳар йили 1 октябрь санаси Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан, Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.
Муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Аввало, сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз бизга илм ўргатган, ҳаёт сабоғини берган жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва домлаларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир.
Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг”, деган сўзлари беихтиёр ёдимизга тушади.
Чиндан ҳам, дунё миқёсида рақобат янада кучайиб борадиган, ўта мураккаб бир даврда яшайдиган болаларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш таълим-тарбия соҳаси, ўқитувчи меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади.
Ана шу ўткир ҳақиқатни ҳисобга олиб, биз таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтардик.
Ўтган қисқа даврда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширдик.
Бугунги кунда сизларнинг, бутун эл-юртимизнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда.
Буюк алломаларимиз, атоқли шоир ва адибларимиз номи билан аталадиган ижод ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, “Темурбеклар мактаблари”, Президент мактаблари каби мутлақо янги намунадаги замонавий ва инновацион таълим масканлари айни шу мақсадга хизмат қилади.
Бу борада умумтаълим мактаблари тизимини ривожлантириш масаласига устувор аҳамият берилмоқда. Бунинг тасдиғини сўнгги икки йилда 238 та янги мактаб барпо этилганида ҳам кўриш мумкин. Ҳолбуки, 2010-2016 йилларда бу соҳага етарли эътибор берилмагани туфайли 99 та мактаб ёпилган эди.






