Ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани ҳокими ўринбосари билан боғлиқ муҳокамалар совимай туриб, Фарғонада янги мавзуни «тайёр» қилишди. 

«Интернетни портлатган» аудиода гапираётган одам республиканинг етакчи бир вилояти раҳбари эканига бемалол ишониш мумкин. Чунки бу овозда аввал ҳам кўп марта шундай алфоздаги шундай сўзларни эшитганмиз...

Тошлоқликларни ҳақорат қилган ҳам шу ҳоким, Тошкентдан борган амалдорларнинг ичак-чавоқларини бошларига салла қилиб қўйиш билан таҳдид қилган ҳам шу ҳоким, Риштонда минглаб одамларни ҳашарга мажбурлаган ҳам шу ҳоким.

Ҳоким аёлларнинг ташқи қиёфасини ўзгартириш билан машғул бўлиши, кийими ўзига ёқмаган беморни шифохонадан ҳайдаб солиши, вилоятга келган меҳмонларнинг соқолини қиртишлаши, китоб сотувчиларни қамаш билан таҳдид қилиши, ким депутат бўлишини белгилаши - бу қандайдир комедик жанрдаги фильм сценарийси эмас, айни кунда ҳаётимизда рўй бераётган ҳодисалар.

Бу ишлардан кейин бу раҳбар ходим қаерда ўқиган, қаерда тайёрланган, Конституция ва қонунлардан хабардорми, бошқарув нималиги ҳақида тушунчага эгами, ташқарида йигирма биринчи аср, технологиялар замони эканини биладими каби тўхтовсиз саволлар туғилаверади.

Ёки Фарғона ҳокими мутлақ ҳокимиятга эгаман деб ўйлайдими? Албатта унга ҳеч ким мутлақ ваколат бериб қўйгани йўқ. Унда у нега ваколатлари чегарасидан чиқмоқда? Нега Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилмоқда?

Аҳвол бу даражага етиб келишининг сабаби унинг атрофидагилар томонидан «ҳайбаракаллачилик»  қилиб келингани, қандай ноҳақликлар бўлсада кўз юмиб келингани, индамай бўйин эгиб келинганида эмасми? Аҳвол бу даражага етиб келганининг сабаби шу вақтга қадар кўрсатган ҳунарлари учун жазоланмай қолгани эмасми?