Бу йил битирувчи курс талабасиман. Ўқишни тамомлаб, қайси йўлни танласам экан: магистратурада таҳсил олганим яхшими ёки бакалавр дипломи етармикин? Ишга жойлашаётганда бу икки даражага аҳамият бериладими? Орангизда мен каби «боши қотганлар» кўпчиликни ташкил этишига ишончим комил. Магистратура таълими карьера ўсишига ижобий таъсир кўрсатадими? Ўзи аслида, магистратуранинг мақсади нима? Меҳнат бозорида қай бирига талаб ҳар қачонгидан юқори? Бу босқич ростдан ҳам бизга керакми ёки икки йиллик умрни банд қилиш учун жорий этилганми? Ушбу мақола орқали масалага илмий ва амалий жиҳатдан баҳо беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. 

«Магистр ва бакалаврларнинг меҳнат мақомини тегишли қонунлар билан белгилаб олиш зарур»

Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори:

— Магистратурага танлов жуда кам. Ўтган йили Самарқанд давлат университетига битта бакалавр ўрнига 10 нафар абитуриент тўғри келган бўлса, магистратурада атиги 2тани ташкил қилди. Бунга сабаб бакалавр ва магистрнинг меҳнат мақоми аниқ белгиланмаганидир. 20 йил муқаддам олий таълимнинг икки босқичли тизимини қабул қилганмиз-у, аммо бу икки тур диплом соҳибларининг эгаллаши мумкин бўлган лавозимлари ёки маошлари фарқини тасдиқламаганмиз (олий таълим бундан мустасно). Шунинг учун магистратурада ўқишга қизиқиш қолмаган, обрўси паст. Барча соҳаларда асосий вазифалар магистрларга берилса, унинг мақомини юқорига кўтара олсаккина, сифатли кадрга эга бўламиз. Умумкасбий маълумотгагина эга бакалаврлар ва умумилмий маълумотга эга магистр мутахассислар билан истеъмолчилар талаб ва эҳтиёжини қондиролмаймиз. Магистрларни тайёрлашнинг амалдаги мақоми сифатли мутахассисни бера олмаяпти. Магистр ва бакалавр дипломи соҳибларининг меҳнат мақомини ҳам тегишли қонунлар билан белгилаб олиш зарур. Ушбу таълим турининг ўзимизга муносиб моделини қабул қилмасдан туриб, таълим-тарбиянинг барча босқичларида қўйилган мақсадга эришиш мушкул. Афсуски, шу пайтгача олий таълимнинг бу босқичининг асл моҳиятига муносиб аҳамият бермай, унга енгил-елпи қараб келинмоқда.

«Юқори лавозимларда ишлаш учун магистратурада ўқиш лозим, деган нотўғри қараш шаклланган»

Фирдавс Саидов (ОТМ ўқитувчиси)

— Бизда магистратурага нисбатан нотўғри қарашлар шаклланган. Биринчидан, аксарият одамларимиз магистратурада ўқисамгина тўлиқ олий маълумотли шахс бўламан, деб ўйлашади. Иккинчидан, магистратурада ўқимасам карьера қилолмайман, дейди. Оддий қилиб айтганда, юқори лавозимларда ишлаш учун магистратурада ўқиш лозим, деб ҳисобланади. Аслида, магистратура – бу илм эканлигини тушуниб етишимиз керак. Илмий изланишлар қилиш, ўз соҳаси бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва натижада ушбу олган илмини олий таълимда амалиётга жорий этиш бу босқичнинг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши керак.