Тиббиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатларининг номи маълум бўлди
Тиббиёт бўйича 2019 йилги Нобель мукофоти Уильям Келин, Петер Ратклифф ва Грегг Семенца томонидан тирик ҳужайралар кислород борлигига қандай реакция билдиришини ўрганиш бўйича тадқиқот учун олинди. Бу ҳақда Каролин тиббиёт институти қошидаги Нобель қўмитаси хабар берди.
Қўмита хабарномасида таъкидланганидек, гарчи кислороднинг ҳаёт учун асосий аҳамияти узоқ вақтдан бери тушунарли бўлса-да, бироқ ҳужайраларнинг ушбу газ даражасидаги ўзгаришларга қандай мослашиши номаълум бўлиб қолаётганди.
«Улар турли даражадаги кислородга жавобан генлар фаоллигини тартибга солувчи молекуляр механизмни аниқлашди. Бу йилги Нобель мукофоти лауреатларининг фундаментал кашфиёти ҳаётдаги энг муҳим мослашиш жараёнларидан бирининг механизмини очиб берди», -дейилади хабарномада.
Бу йилги лауреатларнинг тадқиқоти кислород даражаси моддалар алмашинувига қандай таъсир қилишини тушуниш учун асос бўлди. Бундан ташқари, уларнинг кашфиёти анемия, саратон ва бошқа касалликларга қарши курашишнинг янги, истиқболли усулларини яратишга имкон беради.
Тақдирлаш маросими анъанага кўра 10 декабрь, Нобель мукофотлари асосчиси - швециялик тадбиркор ва ихтирочи Альфред Нобелнинг вафот этган куни ўтказилади.
У васият қилган бешта мукофотдан тўрттаси Стокҳолмда топширилади. Тинчлик учун Нобел мукофоти соҳиби ўз мукофотини Ослода 10 декабрь куни олади.
Нобел мукофотларидан ҳар бирининг миқдори тўққиз миллион швед кронаси (950 минг доллардан озроқ)ни ташкил этади.
Мавзуга оид
17:41 / 06.10.2022
Шорт-листдаги фаворит: Зеленский Нобел мукофотини оладими?
09:57 / 06.05.2022
Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилди
20:14 / 05.05.2022
Булоқбоши туманида туғруқ жараёнидаги чақалоқ ўлими бўйича масъуллар лавозимидан озод этилди
19:30 / 05.05.2022