Ўзбекистон | 13:06 / 12.10.2019
21422
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрининг бош режаси кечикаётганига изоҳ берилди

Фото: LiveJournal

Тошкент шаҳрининг бош режаси 2020 йилда тақдим этилиши кутиляпти. Бу ҳақда шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятов Сенат ялпи мажлисида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Тошкент шаҳрининг бош режаси 2013 йилда ишлаб чиқилган, аммо у пайтда тасдиқланмаган. Ўтган йили кўриб чиққанимизда, бу бош режа ҳозирги кунга тўғри келмаслиги маълум бўлганди.

Шу сабабли биз бу йил Туркия компаниясини жалб қилган ҳолда концепциясини ишлаб чиқдик, тасдиқладик ва раҳбарга кўрсатдик”, – деди Ҳидоятов.

Даврон Ҳидоятов

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда туркиялик мутахассислар Тошкент бош режаси устидаги ишларни давом эттирмоқда, бош режа улардан кейинги йил қабул қилиб олинади.

“Биласиз, бош режа бир кунда қилинадиган иш эмас. Баъзи шаҳарларда, масалан Қозон ёки Москвада [бош режани ишлаб чиқиш учун] 5 йилдан 8 йилгача вақт кетган пайтлари ҳам бўлган.

Келаётган 2020 йилга биз график бўйича улардан қабул қилиб олиб, жамоатчилик ва раҳбаримизга тақдим этамиз”, – деди пойтахт ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2018 йил август ойидаги фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокими 2019 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини тақдим этиши керак эди.

Шунингдек, юқоридаги фармон билан шаҳар ҳокимига 2019 йил 1 декабргача тасдиқланган бош режа концепцияси асосида Тошкент шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳақида топшириқ берилганди.

Амалда ҳар иккала топшириқ ҳам белгиланган муддатда бажарилмади. 2019 йил 1 январгача тақдим этилиши буюрилган концепция аввалига апрель ойида тақдим қилиниши эълон қилинди, кейинроқ эса май ойида тайёр бўлиши айтилди.

«Тошкент шаҳар бош режаси [концепцияси] 20 май куни тақдим этилади», деганди шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев апрель ойи бошида.

Мавзуга оид