Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Косонсой, Янгиқўрғон ва Наманган туманлари, Андижон вилоятининг эса Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманлари чегараларини ўзгартириш таклифи сенаторлар томонидан маъқулланди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 12 октябрь куни Сенат ялпи мажлисида Андижон вилоятининг Бўз тумани номини Бўстон этиб ўзгартириш бўйича ҳам қарор қабул қилинган.
Масала юзасидан сенатор Расулжон Бойматов ҳамда Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимлари сўзга чиқди. Таъкидланишича, туманлар чегараларини ўзгартириш бўйича таклифлар президентнинг шу йил март ойида Наманган вилоятига, май ойида эса Андижон вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган эди.
Қисқача айтганда, ўзгаришларга мувофиқ Наманган шаҳри таркибига Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган ва Янгиқўрғон туманларининг жами 3,5 минг гектардан ортиқ ер майдони қўшиб берилди.
Хонобод шаҳри эса Қўрғонтепа тумани ҳудудидаги тўртта мавзенинг жами 1,2 минг гектардан ортиқ ер майдони ҳисобига кенгайтирилди.
Наманган шаҳри ҳудуди кенгайди
Наманган шаҳрининг марказий қисми ва асосий кўчалари шаҳарнинг “Бош режаси”га асосан қайта қурилиши натижасида кейинги йилларда шаҳарга туташ бўлган қўшни туманлар ҳудудларидан, яъни Косонсой, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари ҳудудларидан жами 1.039 гектар ер майдонларига шаҳар марказида уй-жойлари бузилишга тушган аҳоли учун янги турар-жой мавзеларини барпо этиш учун ажратиб берилди.
Мазкур ҳудудлардаги аҳоли ва ўзини-ўзи бошқариш органлари маъмурий бошқарув тизими бўйича Наманган шаҳрига бўйсунувчи бўлгани ҳолда, ер майдонлари ҳозирга қадар туманлар ҳудудига тегишлидир.
Бу эса ўз навбатида коммунал хизматлар кўрсатиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўллар ва коммуникацияларни қурилишида бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Бундан ташқари, таклиф этилаётган ўзгариш натижасида Наманган шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳолига қулай шароитлар яратиш, шу жумладан шаҳар ҳудудига ўтказилаётган ер майдонларида янги турар-жой комплекслари, ижтимоий ва маданий-маиший объектлар, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши ҳамда муҳандислик коммуникацияларини янада ривожлантириш режалаштирилган.
Шу сабабли, Наманган шаҳри таркибига Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган ва Янгиқўрғон туманларининг жами 3.665 гектар ер майдонини Наманган шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.









