Форумда 30га яқин мамлакат делегациялари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, халқаро молия институтлари, маҳаллий ва хорижий ОAВ вакиллари — жами 500дан ортиқ иштирокчилар қатнашмоқда.

Энг кўп вакиллик делегацияси Ҳиндистон Республикасидан. Делегацияни Гужарат штатининг губернатори Вижай Рупани бошқаради. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон ва Ҳиндистон минтақалари ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганига далилдир.

Андижондаги Ёшлар саройида форумнинг ялпи мажлиси иштирокчиларига Aндижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, Гужарат штати губернатори В.Рупани, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари, таниқли чет эллик меҳмонлар ва инвесторлар мурожаат қилади.


Форум кун тартибида 5 та тақдимот бўлиб ўтади:
· «Aндижон вилоятининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасидаги салоҳияти»;
· «Aндижон вилоятининг сайёҳлик салоҳияти»;
· «Aндижон вилоятидаги тўқимачилик саноатининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари»;
· «Aндижон вилоятининг автомобилсозлик соҳасидаги ютуқлари ва салоҳияти»;
· «Aндижон вилоятида фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар».
Куннинг иккинчи ярмида Савдо-саноат палатаси биносидаги форум иштирокчилари «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» номли Aндижон вилоятининг инвестиция ва саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмаси билан танишадилар. Унда «Ўзавтосаноат» AК, «Aндизансилко» ҚК, «Сабо» МCҲЖ, «Ҳамкор» МЧЖ, «Неил Граните» МЧЖ, «Макрофарм» каби экспорт компаниялари ўзларининг экспорт имкониятларини намойиш этадилар.
Шунингдек, Aндижон вилоятида хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари вакиллари ва вилоят тадбиркорлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари юзасидан фикр алмашилади.
Инвесторлар, айниқса «Ўзавтосаноат» AК томонидан таклиф этилаётган инвестицион лойиҳаларни маҳаллийлаштиришга қизиқишмоқда. Масалан, барча автомобилларнинг моделлари учун хавфсизлик камарларини йиғиш бўйича инвестиция лойиҳаси. Лойиҳанинг тахминий қиймати 8,6 миллион долларни ташкил этади, яратилган янги иш ўринларининг сифати 92 кишини ташкил этади, йиллик айланма миқдори 12 миллион долларни ташкил этади.















