Сўнгги ойларда фирибгарликда гумон қилинаётган бир нечта фирма жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди. Бундай фирмалар нафақат уларга ишонган мижозларга, балки бу соҳада фаолият юритаётган бошқа тадбиркорларга ҳам зарар етказиши ҳоллари кузатиляпти.

Бир неча кун муқаддам «Straus House» МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов қамоққа олингани ва у мижозлар пулларини нималарга сарфлагани ҳақида ички ишлар тергов департаменти томонидан маълумот берилган эди. Бу ишлар ортидан туяқушчилик бизнеси билан шуғулланаётган бошқа тадбиркорлар ҳам зарар кўраётгани, мижозлар уларни ҳам фирибгар деб кўраётганини айтиб мурожаат қилишди. Биз уларнинг фаолиятига назар ташлашга қарор қилдик.

Даставвал, туяқушларни уй шароитида боқиш ва кўпайтиришни йўлга қўйган ва бу борада ўзига хос муваффақиятларга эриша олган Наманган вилояти, Чуст туманидаги «Straus farm Chust» МЧЖ фаолиятини кўздан кечирдик.

«Фаолиятимизни бошлаганимизга кўп вақт бўлмади. Ўтган йили Риштондаги фермадан 36та туяқуш жўжаларини сотиб олиб иш бошлаган эдим. Туяқуш боқишнинг сир-асрорларини секин-аста ўргандик. Алоҳида таъкидлаш лозимки, туяқуш жуда ҳам тез ўсадиган жонивор экан. Қизиқишим жуда ҳам ортиб кетди. Ҳозирда 21 дона она туяқуш ва 300га яқин жўжаларим бор. Харидорлар жўжахонамизга кириб, танлаб олиб кетаверишади», дейди жамият таъсисчиси Шавкат Ғойибназаров.

Ушбу тадбиркор билан суҳбатимиз савол-жавоб тарзда кечди.

– Тарқалган миш-мишларга кўра, бу жонивор жуда ҳам нозик бўлар экан. Сиз бундай фикрларга қандай муносабатдасиз?

– Менимча, туяқуш энг бақувват жонзот бўлса керак. Иммунитети жуда кучли бўлади. Ёши катталарига, ҳаттоки жўжаларига ҳам ҳеч қандай вакцина, антибиотик ишлатмаймиз. Жўжа вақтида ёш организм деб, озроқ шамоллашининг олди олинади, витаминлар берилади. Лекин бу дори сифатида эмас. Сабзавотлардан сабзи, пиёз, карам, ҳўл беда берамиз. Буларга шароит яхши бўлса, ўлмайди. Паррандалар ичида энг бақуввати туяқуш дейиш мумкин.