Жаҳон | 01:03 / 24.10.2019
22833
2 дақиқада ўқилади

Аҳолисининг харид қобилияти энг юқори ва энг паст Европа давлатлари маълум қилинди

Фото: Pixabay

Growth from Knowledge (GfK) аналитика компанияси аҳолининг харид қобилияти бўйича Европа мамлакатлари рейтингини тузди.

Рейтингнинг энг юқори поғонасида Лихтенштейн қайд этилган. Бу давлат аҳолисининг харид қобилияти киши бошига йилига 67 550 еврога тенг бўлган. Бу – Европадаги ўртача кўрсаткич (14 739 евро)дан 4,5 баробарга кўпроқ демакдир.

Юқори учликка Швейцария ва Люксембург ҳам киритилган бўлиб, уларнинг кўрсаткичлари мос равишда 42 ва 35 минг еврони ташкил этади.

«Тадқиқотга қамраб олинган 16та мамлакат аҳолисининг киши бошига харид қобилияти Европадаги ўртача кўрсаткичдан юқори. Айни пайтда 26та мамлакатда эса бу кўрсаткич ўртача натижадан паст», – дейилади изланиш хулосасида.

Рейтингнинг сўнгги ўрнида Украина қайд этилган – украиналикларнинг харид қобилияти йилига 1830 евро деб баҳоланган. Энг қуйи учликда, шунингдек, Молдова ва Косово Республикалари ҳам бор.

Тадқиқот муаллифларининг тушунтиришича, харид қобилияти деганда аҳоли даромадининг солиқлар ва хайрия бадаллари чегириб ташланганидан кейинги маблағи миқдори тушунилади. Одамлар бу пулни озиқ-овқат, уй-жой, хизматлар, кўнгилочар тадбирлар, харидлар ва дам олишга сарфлашади.

Умуман олганда, 2019 йилда Европада бир киши ўртача 14,739 доллар пулни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган. 

Мавзуга оид