Жаҳон | 18:10 / 27.10.2019
17414
4 дақиқада ўқилади

Ироқда инқироз: Намойишчиларга ўқувчилар, коммунистлар ва депутатлар қўшилди

Ироқда сўнгги икки кун ичида яна 50дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳукуматга қарши намойишлар кундан кунга кучаймоқда. Якшанба куни Бағдоддаги митингларга мактаб ўқувчилари, талабалар ва парламент аъзолари ҳам қўшилишди.

Шу кунларда Ироқ парламенти кворум (мажлиснинг қарорлари қонуний бўлиши учун иштирокчиларнинг устав бўйича етарли ҳисобланадиган миқдори) йиға олмади ва мухолифатчи намойишчиларнинг талабларини муҳокама қила олмади. Муқтада Садра етакчилигидаги шиалар партияси ва Ироқ коммунистик партияси бирлашмаси бўлган «Сайрун» блоки аъзолари митинглар иштирокчиларининг талаблари муҳокама қилинмас экан, парламент биносини тарк этмасликларини маълум қилишди.

Сўнгги икки кун ичида Ироқдаги намойишлар вақтида 63 киши ҳалок бўлди ва 2,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Шу икки кун ичида 83 та давлат корхонаси ва сиёсий партиялар офиси биноларига зарар етказилган.

Намойишчилар Бағдоддаги Таҳрир майдонини эгаллашган ва ҳукумат биноларига олиб борувчи йўлда жойлашган кўприкда баррикадалар қуришган.

Ҳукумат биносига олиб борувчи йўл тўсилган / REUTERS

Жума ва шанба кунлари намойишчилар ҳукумат гвардияси биносини эгаллашга ҳаракат қилиши ва юқори мартабали амалдорларнинг уйларига ҳужумлар оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлди.

Шунингдек, тасодифан марказий майдонга келиб қолган ва зўравонлик ҳаракатларида иштирок этмаган кишилар ҳам ҳалок бўлишган.

Октябрь тўлқини

Намойишчиларнинг аксари ишсизликдан азият чекаётган ёшлар / GETTY IMAGES

1 октябрь куни мамлакатда янги иш ўринлари яратиш ва коррупцияга чек қўйиш талаби билан стихияли тарзда (тинч руҳда) бошланган намойишлар полиция томонидан шафқатсизлик билан бостирилганди: Бағдодда кўчаларга чиққан кишилар ўқлар ёмғири остида қолган, бир неча кун ичида 150дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Аммо бу намойишчиларни тўхтата олмади, аксинча янада кўпроқ одамлар кўчаларга чиқди, намойишлар Ироқнинг бошқа шаҳарларига, айниқса нисбатан қашшоқ яшовчи жанубий ҳудудларига ҳам тарқалди.

Ҳукумат намойишчиларга нисбатан ўқотар қуроллар қўллангани ҳолатини текширди ва бу ҳолатни «ҳаддан ошиш» деб баҳолади. Шу билан бирга, одамлар «номаълум снайперлар» томонидан ўлдирилгани иддао қилинди.

Одил Абдул-Маҳди бошчилигидаги ҳукуматга қарши қаратилган намойишларнинг иккинчи тўлқини пайшанба куни бошланди. Энди намойишчиларга талабалар ва мактаб ўқувчилари ҳам қўшилишди. Улар коррупция, ишсизлик ва халқнинг муносиб шароитларда ҳаёт кечиришини таъминлашни талаб қилишмоқда.

Маҳди сиёсий намойишларни кескинлик билан бостириш бўйича позициядан чекиниб, фуқароларга иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилган бўлсада, намойишчилар унинг сўзларига ишонишмаяпти ва унинг истеъфога чиқишини исташмоқда.

«Биз режим тўлиқ алмашишини хоҳлаймиз. Биз бугун ҳукуматни олиб ташлаш - уни бегона ўт каби юлиб ташлаш учун бу ердамиз!», деган якшанба кунги намойиш иштирокчиларидан бири журналистларга.

Маҳди бир йил муқаддам бош вазир лавозимини эгаллаганди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ироқда ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси 25 фоизга етган, ҳолбуки сўнгги ўн беш йил давомида уруш ва диний низолар гирдобида қолганига қарамасдан мамлакат нефть экспорти бўйича ОПЕКда иккинчи ўринга чиққан.

Мавзуга оид