Ўзбекистон | 10:10 / 29.10.2019
24200
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари мактабларда дарслар мадҳияни куйлашдан бошланиши ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Дилшод Кенжаев / Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида II чоракдан бошлаб дарс ва машғулотлар давлат мадҳиясини куйлашдан бошланиши хабар берилганди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев бу борада изоҳ билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, Халқ таълими вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши бўйича тавсияси бугун жамиятда вужудга келган маънавий эҳтиёжни ўз вақтида қондиришга қаратилгандир.

«Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда маънавият ўчоқлари, зиё маскани бўлмиш – мактабларнинг аҳамияти жуда катта эканлиги бу бугунги кун ҳақиқатидир.

Жамиятнинг барча аъзоларини ягона байроқ остига бирлаштирувчи воситалар бор. Ўзбекистон мадҳияси ҳам ана шундай асосий ва бирламчи воситалардан биридир», - деди у.

Қайд этилишича, ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш - Давлат мадҳиясини куйлатиш билангина чекланмайди, таълим-тарбия жараёнида кўплаб бошқа воситалар ва усуллар қўлланилади.

«Аммо, Давлат рамзларига ҳурмат ватанпарварлик тарбиясининг пойдевори ҳисобланади», - дейди вазир ўринбосари.

Маълумот ўрнида: 2019-2020 ўқув йилининг II чорагидан бошлаб барча мактабларда дарслар ва машғулотлар ҳар куни Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳиясини ўқувчилар томонидан жўр бўлиб куйлашдан бошланади. Бу ўқувчиларда ватанпарварлик ҳиссини ривожлантириш ҳамда давлат рамзларига нисбатан ҳурматни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилиши айтилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид