Жамият | 17:40 / 30.10.2019
4108
2 дақиқада ўқилади

2019 йил бошидан буён 173 минг фуқаро хорижга вақтинча ишлаш учун расман юборилди

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

2019 йилнинг 9 ойи давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари 173 минг фуқарони хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборишга кўмаклашган.

Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 38 фоизга ошган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Вазирнинг сўзларига кўра, муҳожирликка меҳнатга кетаётган фуқароларга касбий малакани бериш бўйича бугунги кунда республикада 11та марказ фаолият юритмоқда.

«Шундан 2таси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тасарруфида, 9таси хусусий бандлик агентликларида. Бу марказларда бугунги кунгача 5 мингга яқин фуқароларимиз чет элга кетишдан олдин кўникмаларга мослаштирилди», – деди Ҳусанов чоршанба куни Сенат қўмитаси мажлисида.

Меҳнат вазири ўз ахборотида Жанубий Кореянинг Кванжу ва Россиянинг Москва шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари очилганига ҳам тўхталиб ўтди.

«Бу икки ваколатхона томонидан бугунги кунгача 17,5 минг фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хизматлар кўрсатилди. Бугунги кунгача 355 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўланмаган ойлик иш ҳақлари ундириб берилди», – деб маълум қилди Нозим Ҳусанов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 30та хусусий бандлик агентлиги бирорта ҳам фуқарони хорижга ишга юбормагани маълум бўлган эди.

Мавзуга оид:
«Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят ишининг янги тафсилотлари ошкор қилинди 

«Ишонувчанлигим панд берди» — Яна бир хусусий бандлик агентлиги юзлаб одамларни чув туширди

Кореяга жўнатишни ваъда қилган фирма бўйича тергов тафсилотлари: юзлаб фуқаронинг миллиардлаб маблағи ишлатиб юборилган

Мавзуга оид