Жамият | 10:45 / 02.11.2019
12922
2 дақиқада ўқилади

Бухорода қайнонасидан ўч олмоқчи бўлган эркак оғилхонага ўт қўйди

Иллюстратив фото

Яқинда Бухоро вилоятининг Пешку туманида жойлашган хонадонлардан бирининг оғилхонасида катта ёнғин юз берди. Бу ҳақда «Постда» нашри ёзмоқда.

Оғилхонанинг ярми қишга ғамланган сомон билан тўла эди. Бирпасда сомон ҳам, оғилхона ҳам олов исканжасида қолди. Қўни-қўшнилар билан ҳамжиҳатликда ёнғин ўчирилгач, ҳамманинг хаёлида бир савол айланарди: «Ёнғин қандай келиб чиқди?». Кимдир ёш болалар гугурт ўйнаб ёққан, деса, айримлар қисқа туташувдан, дейишди. Лекин ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Оғилхонага шу хонадон куёви томонидан қасддан ўт қўйилганлиги маълум бўлди.

И.Э. хотини билан бир ёстиққа бош қўйганига йигирма йил ўтса-да, оилада тотувлик бўлмади. Хурмача қилиқлари боис аёлига кўп азоб берар, у эса онасиникига кетиб қолаверарди.

Охирги жанжалдан кейин турмуш ўртоғи яна онасиникига кетиб қолганди. Уни олиб келиш учун борганди, қайнонаси рўйхушлик бермади. Маҳалла раиси билан кел, деб қайтариб юборди. Унга алам қилди. Ошхонага кириб, спиртли ичимликдан бўккунча ичди. Ширакайф бўлгач, яна ортига қайтди. Лекин бу сафар энди қайнонаси билан гаплашишни истамади. Тўғри оғилхона томон юрди. Ичкарига кириб, шоша-пиша гугуртни олди. Атрофга бир зум аланглаб, ҳеч зоғ кўрмаганига ишонч ҳосил қилгач ўт қўйди.

И.Э.нинг ўйламай қилган бу иши қайнонага катта зарар келтирди. Айни пайтда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид