Ўзбекистон | 17:10 / 05.11.2019
12510
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Дариға Назарбоева билан учрашди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси Дариға Назарбоева билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда кенг кўламли масалалар муҳокама этилди.
 
Ўзаро самарали ҳамкорлик ва ишонч принциплари асосида Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ўртасида ривожланаётган дўстона муносабатларни тилга олиб, Танзила Норбоева Ўзбекистон раҳбарияти барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бераётганлигини таъкидлади:


 
“2017-2019 йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлиги стратегиясининг изчил бажарилиши икки мамлакат стратегик манфаатларининг умумийлигига асосланган ўзаро фойдали ва самарали ҳамкорликни бойитишга хизмат қилди. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 733 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2019 йил январь-сентябрь ойлари давомида ўзаро савдо ҳажми 2,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди ва 23,2 фоизга ошди, шунингдек транспорт ва транзит ташиш соҳаси сезиларли ривожланмоқда”.

Парламентлараро муносабатлар ҳақида сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси икки томонлама ҳамкорликни қонунчилик нуқтаи назаридан таъминлаш бўйича биргаликда олиб бориладиган бўлажак ишлар муҳимлигига урғу берди. Бунда қонун ижодкорлиги юзасидан тажриба алмашиш учун ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳларининг ва парламентлар тегишли қўмиталарининг салоҳиятидан амалий фойдаланиш таклиф этилди. Учрашув давомида халқаро парламент тузилмалари доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси Дариға Назарбоева ўз нутқида Ўзбекистон Марказий Осиёда Қозоғистоннинг муҳим стратегик ҳамкори эканлигини таъкидлади. 

“Бугун Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда илдам ривожланмоқда. Бунда Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбоши Н.А.Назарбоев ва Ўзбекистон президенти Ш.М.Мирзиёев хизмати асосий ўрин тутади”, – деди Қозоғистон Сенати раиси.
 
Қозоғистон Республикаси Сенати раҳбари қайд этганидек, К.К.Тўқаев давлат раҳбари сифатида ўзининг иккинчи хорижий ташрифини айнан Ўзбекистонга амалга оширди ва бу муносабатларни ўзаро англашув ҳамда яқин қўшничилик руҳида мустаҳкамлашни давом эттиришга содиқликнинг яна бир исботидир.


 
Учрашув доирасида “2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Мавзуга оид