Жаҳон | 08:33 / 06.11.2019
8536
2 дақиқада ўқилади

Яман ҳукумати ва айирмачилар тинчлик келишувини имзолашди

Фото: REUTERS

5 ноябрда Яманнинг халқаро ҳамжамият томондан тан олинган ҳукумати ва Яман жанубида ҳаракат қилувчи ташкилотлар, жумладан Жанубий Яман ўтиш кенгаши айирмачилари Ар-Риёдда қуролли қарама-қаршиликни тўхтатиш ҳақида тинчлик келишувини имзолашди. Ҳужжат Саудия Арабистони ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодалари Муҳаммад бин Салмон ва Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда Яман президенти Абд Раббо Мансур Ҳодий иштирокида имзоланди.    

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси бу ҳодисани Яманда 4 йилдан бери давом этаётган ихтилофнинг тинчлик билан ҳал қилиниши йўлидаги муҳим қадам деб атаган.

Келишув тафсилотлари маълум қилинмаган, бироқ баъзи манбаларга кўра, у Яман ҳукуматида ўзгаришларга чақиради.

Саудия Арабистони Ямандаги ихтилофда Яман ҳукумати томонини, БАА эса Жанубий Яман ўтиш кенгашини қўллаб-қувватлаб келади. 

Яман шимолини назорат қилувчи исёнчи ҳусийлар ушбу келишувни танқид қилишди.

“Ар-Риёдда имзоланган келишув яманликлар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, чунки уни тажовузкор билан ҳамкорлик қилувчи томонлар имзолаган. Бу келишувни иродасиз ва буни Ямандаги урушнинг тугаши деб ҳисобловчи кишилар имзолашга мажбур қилинган”, деб айтган ҳусийлар олий сиёсий кенгаши аъзоси Муҳаммад Али ал-Ҳусий.

Мавзуга оид